Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, ёш авлодни, айниқса, қизларни маънавий-ахлоқий, ижтимоий фаол ва билимли шахс сифатида тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Шу маънода, жамиятда фуқаролик фаоллиги, ўзаро меҳр-оқибат ва ижтимоий масъулиятни юксалтиришда волонтёрлик ҳаракатининг ўрни беқиёс.
Ана шу эзгу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Қизлар тарбияси – миллат келажаги!” мавзусида волонтёр қизлар форуми ўтказилди.
Тадбирнинг асосий мақсади қизлар тарбиясида волонтёрлик ҳаракатининг ўрни ва имкониятларини кенгайтириш, ёшларни жамиятдаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга фаол жалб қилиш, шунингдек, оила ва хотин-қизлар масалаларида тизимли тарғиботни кучайтиришдан иборат.
Форум очилишида волонтёрлик фаолиятининг жамият, хусусан, ёш қизлар ҳаётидаги ўрни, унинг ёшларни ватанпарварлик, фидойилик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди. Шунингдек, волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш борасида яратилган ҳуқуқий асослар, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.
[gallery-27595]
Эътироф этилганидек, волонтёрлик фаолияти ўзида ёшлик шижоатини, куч-ғайратию салоҳияти ва иқтидорини эл-юрт манфаатига сафарбар қилишни ҳам ифода этади. Яъни, волонтёрлик аҳолига кўмак бериш, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам беришга ҳамиша тайёр, қийин пайтларда ҳам улар халқ хизматига шай қатламдир.
Форумда жами 1000 нафарга яқин иштирокчи қамраб олинди. Жумладан, 200 нафар иштирокчи тадбирда бевосита, 800 нафари ҳудудий студиялар орқали онлайн иштирок этди.
Форум доирасида иштирокчилар 5 та асосий йўналиш бўйича секцияларга ажратилди. Ҳар бир секция фаолияти волонтёр қизларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилди.
Жумладан, “Саломатлик” волонтёрлари секциясида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, айниқса хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Таълим ва қадриятлар” волонтёрлари секцияси ёш авлод тарбияси, маънавий-ахлоқий қадриятларни асраш ва уларни замонавий таълим билан уйғунлаштириш масалаларига бағишланди. Секция доирасида волонтёр қизларга таълим соҳасидаги давлат сиёсати, мавжуд имконият ва имтиёзлар ҳақида аҳолини хабардор қилиш механизмлари тушунтирилди.
“Эко” волонтёрлар секцияси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда жамиятда масъулиятли муносабатни шакллантиришга қаратилди. Секция иштирокчиларига экологик акциялар ўтказиш, чиқиндиларни саралаш, яшил ҳудудларни асраш бўйича амалий тажрибалар тақдим этилди.
“Ҳуқуқ” волонтёрлари секциясида хотин-қизларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, ҳуқуқий саводхонликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“АT” соҳа волонтёрлари секциясида рақамли саводхонликни ошириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш ҳамда ёшларни замонавий касбларга йўналтириш масалаларига бағишланди. Маҳорат сабоқлари давомида рақамли платформалар орқали жамоатчилик билан ишлаш, ахборот тарқатиш, ижтимоий тармоқларда фойдали контент яратиш ҳамда киберхавфсизлик асослари бўйича амалий билимлар берилди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири