Эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ мутахассислар фикрига кўра, нафақат ижтимоий муаммо, балки она ва туғилажак бола саломатлигига жиддий хавф туғдирувчи омил ҳисобланади.
Шу боис мазкур масалага қаратилган тарғибот ва тушунтириш ишлари бугунги кунда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Зеро, ушбу йўналишга давлат даражасида ҳам устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаяпти.
Гулистон туман ҳокимлиги, туман оила ва хотин-қизлар бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бўлими ташаббуси билан “Зарбдор” маҳалласидаги 9-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган учрашув айнан шу долзарб мавзуга бағишланди. Унда маҳалла фаоллари, таълим муассасаси педагоглари ҳамда соғлиқни сақлаш тизими вакиллари иштирок этишди.

Тадбир 9–10–11-синфларда таҳсил олаётган қиз ўқувчилар билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилди. Суҳбат давомида эрта турмушнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва тиббий жиҳатлари атрофлича тушунтирилди. Таъкидланганидек, барвақт никоҳ қизларнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан тўлиқ шаклланиб улгурмаган даврига тўғри келиши сабабли ҳомиладорлик ва туғруқ жараёнида турли асоратлар келиб чиқиши мумкин. Бу ҳолат нафақат ёш она, балки туғилажак бола саломатлиги учун ҳам хавф туғдиради.

– Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад — ёш қизларга эрта турмушнинг салбий оқибатларини илмий ва тиббий асосда тушунтириш, уларда оналик масъулиятини шакллантириш, ўз саломатлигига онгли муносабатни қарор топтириш ҳамда мустақил ҳаётга пухта тайёргарлик кўриш кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси оналик ва болалик бўйича бош шифокор ўринбосари Саодат Қаршибаева. – Бундай профилактик ёндашув жамиятда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга, шунингдек, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган ирсий муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, мутахассислар яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларда ирсий касалликлар ва туғма нуқсонлар келиб чиқиш эҳтимоли юқори эканини алоҳида қайд этдилар. Бу эса келажак авлод саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Оилавий ҳаётга маънавий ва психологик тайёргарлик, шахсий масъулият ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш каби масалаларга ҳам алоҳида урғу берилди.
Учрашув давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил ва аниқ жавоб олдилар. Ҳаётий мисоллар, тиббий далиллар ҳамда амалий тавсиялар орқали мавзунинг мазмун-моҳияти янада равшанлаштирилди.
Тадбир якунида бундай профилактик учрашувлар ёшлар ўртасида ҳуқуқий онг ва тиббий маданиятни юксалтиришда, энг муҳими, соғлом ва барқарор оила қуришга тайёр авлодни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Маълум қилинишича, шу каби тарғибот тадбирлари тумандаги барча таълим муассасаларида режа-график асосида мунтазам давом эттирилади.
Ғулом Примов, ЎзА