Андижон машинасозлик институтида “Қизлар одоби тарғиботчиси” танлови бўлиб ўтди.
Институтда уюшмаган ёшлар, айниқса, қизлар тарбияси, уларнинг маънавияти, дунёқарашини юксалтириш, фаоллигини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида “Қизлар одоби тарғиботчиси” гуруҳи тузилган. Ушбу гуруҳ аъзоси бўлган фаол ва ташаббускор талаба қизлар Андижон шаҳридаги қатор маҳаллаларга “Қизлар одоби тарғиботчиси” сифатида бириктирилган. Қизлар одоби тарғиботчилари дарсдан бўш вақтида ўзларига бириктирилган маҳалла қизлари билан одоб-ахлоқ, кийиниш, мулоқот маданияти, китоб ўқиш, соғлом турмуш тарғиботи, касб-ҳунар ва тадбиркорликка жалб этиш каби йўналишларда тадбир ва суҳбатлар ўтказмоқда.
Институт хотин-қизлар маслаҳат кенгаши ташаббуси билан маҳаллаларда олиб борилаётган тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш, тарғиботчи қизларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган “Қизлар одоби тарғиботчиси” танловида беш нафар энг фаол тарғиботчи, талаба қиз иштирок этди. Қатнашчилар миллий қадриятларимизни улуғлаш, миллий либосларимиз тарғиботига оид саҳна кўринишлари, тарғибот ишларини самарали ташкил этишга оид савол-жавоб ва белгиланган бошқа шартлар асосида билим ва ташкилотчилик маҳоратини намойиш этди.
Танловнинг якуний натижаларга кўра, энг юқори балл тўплаган биотиббиёт муҳандислиги йўналиши талабаси Дурдона Турсунпўлатова ғолиб деб топилди. Ғолиб ва барча иштирокчилар институт ректорати томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
[gallery-6853]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА