Урганчда ана шу мавзуда Қорақалпоғистон республикаси, Бухоро ва Хоразм вилоятларида фаолият олиб бораётган журналист ва блогерлар учун семинар-тренинг ўтказилди.
Медиа-мактаб тарзида ташкил этилган ўқув-жараёнлари “Юксалиш” умумиллий ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.
– Уч кун давомида замонавий журналистикани ривожлантириш марказининг тренерлари томонидан мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда аудитория учун қизиқарли контент яратиш, SMM-фаолият ва унинг базавий тушунчалари, визуализация воситалари, ижтимоий тармоқларда саҳифа юритиш, инфографикалар яратиш ва бошқа мавзуларда ҳам ўқув ҳам амалий машғулотларда иштирок этдим, – дейди Хоразм телерадиокомпанияси муҳаррири Суҳбатбек Маткаримов. – Медиа-мактабда олган билимларимдан фойдаланиб мустақил равишда маҳаллий жамоалар, ўз ҳамкасбларим учун индивидуал дарслар ўтказмоқчиман.
Мазкур тренингни ташкил қилишдан мақсад ҳам ҳудудларда ОАВ вакилларини қўллаб-қувватлаш, журналист ва блогерларнинг ижтимоий тармоқлар учун сифатли ва қизиқарли контент яратиш бўйича салоҳиятини ошириш, замонавий технологиялар, дастурий таъминот тўпламларидан фойдаланган ҳолда маълумотларни визуализация қилиш (инфографикалар тайёрлаш)га, материалларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш борасида билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган.
Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА