Қизилтепалик битирувчи қиз 178 балл тўплади
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактабининг битирувчиси Мунаввара Чўлиева олий таълим муассасаси талабаси бўлиш учун август ойида ўтказиладиган давлат имтиҳонларини кутиб ўтирмасдан ҳозирданоқ 178 балл тўплаб бўлди.
М. Чўлиева 10-синфда ўқиётган пайтида инглиз тили ва биология фанларидан, жорий йилда эса она тили ва адабиёти, тарих ҳамда кимё фанларидан миллий сертификатларга эга бўлди.
– Шифокор бўлишни орзу қиламан, – дейди Мунаввара. – Шунинг учун мактабни битириб, ҳужжатларимни тиббиёт олий ўқув юртига топширишни режалаштирганман. Ҳозиргача мажбурий фанлардан бири математика фанидан ташқари, барча фанлардан олган сертификатларим билан 100 фоизлик кўрсаткич, яъни 178 баллга эга бўлдим.
Мунаввара олий таълим муассасасига кириш имтиҳонида математика фанидан фақатгина 10 та тест ишлайди, холос.
А.Бўриев, ЎзА мухбири