Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қизилтепада қишга ҳозирлик кўрилмоқда
12:16 / 2023-09-08

Дунёда касблар кўп. Ҳар бир касб эса ишнинг кўзини билганлар учун доимо қадрли бўлган.

Нодир Раҳматов Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида истиқомат қилади. У газ тақсимлаш қурилмаси чилангари вазифасида салкам йигирма йилдан буён ишлаб келмоқда. Ота касбини улуғлаб келаётган Нодиржоннинг ишхонада ўз ўрни бор. Жамоадошлари бу чилангарнинг интилувчан, меҳнаткаш, камтарин ва самимийлигини алоҳида ҳурмат қилади. Унинг отаси Райим ота ҳам қирқ йилга яқин газ соҳасида меҳнат қилган чилангарлардан бири эди. Бугун ота изидан бориб, жамоасида ҳурмат қозонган Нодир Раҳматовга ҳавас билан қарайдиганлар кўп.  

– Ота изидан бориб кам бўлмадим, – дейди қаҳрамонимиз. – Касбимни яхши кўраман. Баъзан қишнинг совуғи-ю, ёзнинг жазирама кунларида ҳам кўчада ишлашимизга тўғри келади. Ҳеч қачон бу касбни танлаганимдан афсусланмаганман. Табиий газнинг бир маромда аҳоли хонадонларига кириб боришига ҳиссам қўшилаётганидан хурсанд бўламан.  

Бугунги кунда Қизилтепа туманида 20 минг 945 та табиий газ, 14 минг 401 та суюлтирилган газ истеъмолчиси мавжуд.  

Ҳозир тумандаги Янги ҳаёт маҳалласида газ таъминотини янада яхшилаш мақсадида реконструкция ишлари олиб бориляпти. Яқин кунларда реконструкция ишлари якунланиб, аҳоли хонадонларига табиий газ кириб боради.  

– Ҳозирга қадар Янги ҳаёт маҳалласида 2,5 километр газ қувури тортилди, – дейди “Қизилтепатумангаз” газ таъминоти бўлими бош муҳандиси Ботир Қутлиев. – Натижада мазкур маҳаллада яшовчи 157 та хонадон бир маромда табиий газ билан таъминланади.  

Айни пайтда “Қизилтепатумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан аҳолига табиий газ етказиб бериш мақсадида куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг сўнгги босқичи олиб борилмоқда. Жумладан, газ қувурлари ва ундаги қурилмаларни 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш режасига кўра, 13,5 километр газ қувурларидан 13,2 километри жорий таъмирланиб, тартибга келтирилди. 0,6 километр газ қувури реконструкция қилинди, 13,5 километр газ қувурида бўёқлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 166 дона газ қувурлари тиргаклари алмаштирилди ва тузатилди.  

Бу жараёнларда Нодир Раҳматов сингари чилангарларнинг алоҳида ҳиссаси бор.  

Абдували Бўриев,  

ЎзА мухбири