French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қизилтепада ислоҳотлар натижаси
21:56 / 2026-01-03

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида инсон қадри, аҳоли турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва фаровон ҳаёт учун барқарор шароит яратиш масаласи турибди.

Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури эса ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Ушбу дастур ижроси Навоий вилояти Қизилтепа туманида ҳам амалий натижалар билан намоён бўлмоқда.

Қизилтепа туманида камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳаёт сифатига ижобий таъсир кўрсатишга қаратилган ишлар манзилли ва тизимли равишда ташкил этилмоқда. Энг муҳими, бу жараёнларда расмиятчилик эмас, балки фуқаролар муаммосига жойида ечим топиш тамойили устувор.

– Камбағалликдан чиқиш, аввало, аҳолини иш билан таъминлаш ва уларга барқарор даромад манбаларини яратиш орқали амалга ошади, – дейди Қизилтепа туман ҳокими Бекзод Бобомуродов. – Шу боис фуқароларнинг хонадонларига кириб бориб, муаммоларни ўрганиш, таклифларини тинглаш ва аниқ ечимларни амалда бажаришга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Ислоҳотлар самараси ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳаётида яққол сезилмоқда. Жумладан, туманда туғилиб ўсган, 87 ёшни қаршилаган Исмоил бобо Тўхтаев ва рафиқаси Шарофат аянинг эски, таъмирталаб хонадонлари тўлиқ бузилиб, ўрнига барча қулайликларга эга замонавий янги уй барпо этилди. Бўстон маҳалласида истиқомат қилувчи, 1-гуруҳ ногирони Собир Ҳайитов учун ҳам янги уй қурилиб, отахон муносиб шароитда яшаш имконига эга бўлди. Дўрмонтепа қишлоғида, таъмирталаб хонадонда истиқомат қилаётган Комил бобо Эркаев ва Диловар ая Очиловалар хонадони ҳам замонавий усулда қурилиб, янги йилга совға қилинди. Шунингдек, уларнинг саломатлигини тиклаш мақсадида санаторийларга йўлланмалар ажратилди.

Маҳаллаларда ўтказилган ўрганишлар давомида Азизобод маҳалласида яшовчи Жалол Қурбонов ва Наргиза Нурматовалар оиласининг ҳам уй-жой шароити оғир экани аниқланди. Натижада эски уй бузилиб, ўрнига замонавий янги хонадон қуриб берилди. Оиланинг икки нафар ўғли учун ўтказилган хатна тўйи эса аҳолига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва инсонпарварликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Бугунги кунда Қизилтепа туманидаги 48 та маҳаллада қарийб 167 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли турмуш даражасини оширишда инфратузилмани ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда жорий йилда туманда 50 километрдан ортиқ ички йўллар шағаллаштирилиб, 38 километр йўл асфальтланди. 21 километр пиёдалар йўлаги барпо этилди, 184,9 километр янги электр тармоқлари тортилди, 1250 та эски таянч устунлар бетон устунларга алмаштирилди. Шунингдек, 56 та янги трансформатор ўрнатилиб, 112 та трансформатор пунктлари таъмирланди.

Туман марказидаги Ўзбекистон шоҳ кўчасининг 800 метрдан ортиқ қисми 24 соат фаолият юритадиган замонавий кўча сифатида фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳа учун 3 миллиард сўм маблағ сарфланиб, пиёдалар йўлаклари, велойўлаклар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар учун махсус ҳаракат йўлаклари ташкил этилди. Замонавий ўриндиқлар, соябонлар, ранг-баранг ёритиш тизимлари, мусиқали фавворалар ва манзарали дарахтлар кўчанинг кўркига кўрк қўшди. Бу эса аҳолининг дам олиши ва ёшларнинг бўш вақтни мазмунли ўтказишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Азизобод ва Оқмачит маҳаллаларида замонавий “Маҳалла марказлари” барпо этилди. Ушбу марказларда кутубхона, касбга йўналтириш ва ўқув марказлари, ёшлар маскани, тикувчилик ва ишлаб чиқариш цехлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Кексаларга ғамхўрлик доим устувор масала бўлиб келмоқда. Туман марказида барпо этилган замонавий “Нуронийлар маскани” бугунги кунда 20 минг нафардан ортиқ кексаларга хизмат кўрсатмоқда. Масканда спорт-соғломлаштириш ускуналари, шахмат-шашка хоналари ҳамда дам олиш учун барча зарур шароитлар яратилган.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали ҳам аҳоли бандлиги кенгаймоқда. Жумладан, Сўфиён маҳалласида 240 ўринли “Парвоз” хусусий мактаби ўз фаолиятини бошлади. Шунингдек, Ўзбекистон шоҳ кўчасида 105 та хонадон ва 16 та маиший хизмат кўрсатиш объектларини ўз ичига олган кўп қаватли мажмуа фойдаланишга топширилмоқда.

Хуллас, Қизилтепа туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатига қаратилгани, аҳоли ҳаётида реал ижобий ўзгаришлар яратаётгани билан аҳамиятлидир. Бу ишлар камбағалликни қисқартириш, фаровон ҳаётни таъминлаш ва Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўлидаги мустаҳкам қадамдир.

А.Бўриев, ЎзА