French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қизилтепада ғалладан мўл ҳосил етиштирилди
19:17 / 2024-06-06

Навоий вилояти Қизилтепа туманининг Ўртачўл ҳудудида яхши ният ва юқори кайфиятда жорий йилги ғалла ўрими мавсуми бошланди.

Тумандаги 275 та фермер хўжалигининг 11,7 минг гектар майдонида ғалла парваришланди. Ғалла ҳосилини ўз вақтида сифатли ўриб-йиғиб олиш мақсадида 35 та отряд ташкил этилиб, ўрим жараёнларига 35 та ўрим комбайни жалб қилинган. 

Володя Маъмуров раҳбарлигидаги “Остона бобо” фермер хўжалиги шийпонида эрта тонгдан қишлоқ хўжалиги техникалари, қизилтепалик фермерлар етиштирган маҳсулотлар, чорва моллари ва паррандалар, умуман, туманнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги эришилган ютуқларини ўзида акс эттирган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. 

Ҳудуддаги барча фермерлар, туман ва вилоятнинг соҳага масъуллари, сектор раҳбарлари, нуроний отахонлар иштирокидаги семинарда вилоят ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, барча фермерларнинг хирмонига барака тилади, донни увол қилмай ўз вақтида ва сифатли ўриб олиш лозимлиги, у халқимизнинг ризқ-рўзи эканлигини алоҳида таъкидлади. 

– Ҳар йили вилоятда Қизилтепа туманининг Ўрта чўл ҳудудида биринчилардан бўлиб ғалла ўрим-йиғимига киришилади, – дейди “Остона бобо” фермер хўжалиги раиси Володя Маъмуров. – Бу йил 74,7 гектар майдонда ғалла етиштирганмиз. Гарчи баҳор анча ноқулай, серёғин келган бўлса-да, барча агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб борганимиз туфайли далаларда мўл ҳосил етиштирилган. Мақсадимиз унинг бир мисқолини ҳам қолдирмасдан йиғиштириб олишдир. 

[gallery-17740]

Жорий йилнинг март ойида қизилтепалик фермерларга 110 дан ортиқ турли русумдаги қишлоқ хўжалиги техникалари топширилган эди. Уларнинг орасида 8 та ўрим комбайни ҳам бор. 

“Валиобод” фермер хўжалиги эса нафақат туман ва вилоятда, балки республикада ҳам илғор хўжаликлардан бири саналади. Унга “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Раъно Валиева раҳбарлик қилади. 

Мазкур фермер хўжалиги ҳар йили ғалла ва пахтачиликда биринчилардан бўлиб белгиланган режани ортиғи билан бажаради. 

– Жорий йил ҳосили учун 46 гектар майдонга буғдойнинг “Аср” навини экиб парваришладик, – дейди Р.Валиева. – Далада етиштирилган ҳосилимиз чўғига қараганда камида 80-90 центнердан буғдой олиш ниятидамиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша бўлади. Омборимизга тўкилган доннинг бир қисмини ишчиларимизга тарқатамиз. 

Албатта, ризқ-рўзимиз бўлган буғдойни исроф қилмасдан йиғиштириб олишда далаларда меҳнат қилаётган деҳқонлар, фермерлар, комбайнчилар ва бу жараёнга масъул бўлган бошқа мутасаддиларнинг алоҳида хизмати бор. Зеро, уларнинг бугунги машаққатли меҳнати эртанги фаровон турмушимиз ва дастурхонимиз тўкинлигини таъминлайди. 

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари