Мустақиллигимизнинг 33 йиллик шодиёнасини қизилтепаликлар ҳам улкан ютуқлар, кўтаринки кайфият ва дилда қувонч билан кутиб олмоқда.
Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида туманда Президентимиз ташаббуси билан 2022 йилдан бошлаб қад ростлаган “Янги Ўзбекистон” массивидаги 200 хонадонга мўлжалланган 8 та 5 қаватли уйлар фойдаланишга топширилди.
– 20 гектар майдонда қад ростлаётган массивда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 24,7 миллиард сўмга зарур коммуникация тармоқлари тортилди, – дейди Маликобод маҳалласи раиси Тўлқин Қурбонов. – Ўтган икки йил ичида бу ерда ичимлик ва оқова суви тармоқлари, иссиқлик таъминоти объектлари қурилди. Ички йўллар асфальтланди. Электр ва табиий газ тармоғи тортилди.
[gallery-19054]
Келгуси йилларда бу ерда яна жами 1500 дан ортиқ хонадондан иборат 50 га яқин қўп қаватли уй, 990 ўринли мактаб, дам олиш масканлари, маҳалла гузари, спорт майдончалари, маданият уйи, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари бунёд этилади.
– Мана бугун янги уйга кўчиб кирдик, – дейди янги хонадон соҳибаси Дилбар Ортиқова. – Бу ерда яшашимиз учун барча кулайлик ва шароит мавжуд. Иссиқ ва совуқ сув, табиий газ--барчаси муҳайё. Биз аёллар учун шунинг ўзи етарли. Ишдан чарчаб келганда оила аъзоларинг учун барча шароити бор ошхонада овқат тайёрлашнинг ўзиёқ чарчоқларни унутишга ёрдам беради. Бунинг учун Юртбошимизга раҳмат. Барчага истиқлолимизнинг 33 йиллиги муборак бўлсин!
Массив аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида 4,8 миллиард сўмлик 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ва 2,3 миллиард сўмлик 50 қатновли поликлиника биноси қурилиб, жиҳозланди.
Шунингдек, туманда Сўфиён маҳалласининг янги биноси, “Уч авлод маскани”, сунъий қопламали спорт майдончаси ва воркаут майдончаси, 2 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири