Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ва Қизилтепа тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб тадбир иштирокчилари “Янги Қизилтепа” газетаси таҳририятида бўлди. 1935 йилдан буён фаолият юритаётган газета шу кунга қадар “Қизилтепа тонги” номи билан чоп этиб келинаётган эди. Жорий йилда унинг номи “Янги Қизилтепа” номига ўзгартирилди. Ҳозирда қарийб 6 минг нусхада нашр этилаётган газета таҳририятида 6 нафар ходим меҳнат қилади. Бундан ташқари газетанинг обуначиларга ўз вақтида етиб бориши учун яна 12 нафар фуқаро билан шартнома имзоланган. Улар узоғи билан бир кун ичида газетани обуначиларга етказади.
– Ҳар бир ҳудудда тарқатувчиларимиз бор, – дейди газета бош муҳаррири Раҳим Мақсудов. – Уларга тарқатган газетаси сонига қараб иш ҳақи тўлаймиз. Аввал почта билан шартнома асосида ишлаганмиз. Аммо газета ўз вақтида обуначиларга етиб бормаганлиги боис эътирозлар кўпайиб кетган. Ҳозир тарқатувчиларга велосипед олиб берганмиз. Газетамиз чоп этилган куннинг ўзидаёқ обуначилар қўлида бўлади.
Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили “Қурилиш-таъминотчи” масъулияти чекланган жамияти бўлди.
Тадбиркор Ботир Тошев раҳбарлик қилиб келаётган мазкур корхона фаолияти 2002 йилда йўлга қўйилган. Дастлаб 30 киши билан иш бошлаган корхонада айни пайтда 200 нафардан зиёд киши доимий, 250 нафарга яқин киши мавсумий иш билан таъминланган.
– Корхонада қурилиш объектлари учун темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, – дейди корхона бош ҳисобчиси Шерали Жўраев. – Маҳсулотлар вилоятдан ташқари, Самарқанд, Бухоро вилоятларига етказиб берилади. Жорий йилнинг 1-чорагида 5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳамкорларимиз билан 3 миллиард сўмлик келшувларга эришилган. Уларга темир-бетон маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Айни пайтда маҳсулот таннархини пасайтириш мақсадида корхонанинг ишлаб чиқариш майдонига темир йўл линияси олиб кириб, маҳсулотларни темир йўл орқали етказиб бериш ва зарур хомашёни шу тизим орқали олиб келишни йўлга қўймоқчимиз. Бу ўз ўрнида ҳамкорларимиз учун ҳам манфаатли бўлади. Ҳозирда 8 баллик зилзилага чидамли бетон плиталаримиз корхонанинг темир-бетон маҳсулотлари янги линиясида тайёрланаётган бўлса, эндиликда сендвич панеллар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган.
[gallery-6797]
Қизилтепанинг қишлоқ хўжалик ерлари 152 минг 906 гектарни ташкил этиб, туманда ҳар йили ўртача 25,3 минг тонна пахта, 22,7 минг тонна ғалла етиштирилмоқда. 2017 йилда Қизилтепада илк бор пахта етиштиришни кластер усулида амалга ошириш лойиҳаси кейинчалик республика миқёсида кенг татбиқ этилгани ҳам бежиз эмас.
“Адиз бобо” фермер хўжалиги кўп тармоқли хўжаликлардан бири саналади. Фермер хўжалиги нафақат ғаллачилик ва пахтачилик билан, балки иссиқхона ва чорвачилик билан ҳам шуғулланади. Хўжаликда “Оқ мачит” маҳалласида истиқомат қилувчи 250 нафарга яқин аҳолининг бандлиги таъминланган.
Пресс-тур иштирокчилари “Адиз бобо” фермер хўжалигининг чорвачилик комплекси фаолияти билан танишди. Ушбу комплексда зотдор қорамол, эчки, қўйлар билан биргаликда лама, пони оти, ҳинд товуғи, товус, туяқуш каби юртимиз учун ноёб бўлган турлар ҳам кўпайтирилмоқда.
– Чорвачилик комплексимиз ҳудуди 5 гектарни ташкил этиб, 500 тага яқин зотдор сигиримиз бор, – дейди иш бошқарувчи Ўткир Исломов. – 4 тонна сут соғиб олиниб, тумандаги “Янги аср” фермер хўжалигининг сутни қайта ишлаш корхонасига топширамиз. Йилига 100 бошга яқин қорамол, 500 бошга яқин қўй сотамиз. Гўштни эса “Навоийазот” АЖ ва бир қатор манзил-колонияларга етказиб берамиз.
Пресс-тур иштирокчилари “ИРН академияси”да бўлиб, ёшларнинг билим олишлари учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Иқболой Раззоқова томонидан 2021 йилда рўйхатдан ўтказилган мазкур муассаса халқаро мусобақаларга ўқувчиларни тайёрлашга ихтисослашган. Ҳозирда мактаб ўқувчиларига математика, инглиз тили, ментал арифметика, рус тили фанларидан дарс ўтилади. Бу ерда 200 нафар ўқувчига 15 нафар малакали устозлар таълим беришмоқда. Дарслар ҳафтасига 3 марта ташкил этилади.
– Малайзия, Сингапур ва Буюк Британиянинг математика ҳамда инглиз тилидан халқаро мусобақалар ўтказувчи бир нечта ташкилотлари билан шартномаларга эгамиз ва улар билан ҳамкорликда фаолият олиб бораяпмиз, – дейди академия раҳбари И.Раззоқова. – Шу асосда жорий йил аввалида “World Mathematics Invitational” Халқаро Малайзия математика олимпиадаси илк бор Ўзбекистонда - пойтахтимизда ўтказилди. Унда дунёнинг 28 мамлакатидан ўқувчилар иштирок этди. Юртимиздан 3 нафар вакил мазкур танловнинг Малайзияда ўтказиладиган финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. Улар июль ойида мазкур давлатда бўлиб, нуфузли мусобақада қатнашади.
Пресс-тур якунида туман ҳокими Улуғбек Файзиев иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда туман ҳокими ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Туманда ўзгача бизнес муҳитини яратишни мақсадида ҳозирда 18 нафар масъуллардан иборат “Лойиҳа гуруҳи” ҳамда 25 та йирик ва илғор тадбиркорлардан ташкил топган “Тадбиркорлар кенгаши” тузилган. Бугунги кунда “Лойиҳа гуруҳи” томонидан умумий қиймати 870,1 миллиард cўмлик 23 та истиқболли лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган.
“Маликобод” маҳалласи ҳудудидан “Янги Ўзбекистон” массивининг қурилиши бошланди. Биринчи босқичда ҳар бири 20 хонадонга мўлжалланган 10 та 5 қаватли уйлар, жами 200 та хонадон қурилиши режалаштирилган.
Пресс-тур давомида журналист ва ОАВ вакиллари туманда “Янги Ўзбекистонда Янги Қизилтепани барпо этамиз” шиори остида инсон қадрини улуғлаш тамойилига асосланган ҳолда иш олиб борилаётганига гувоҳ бўлди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА