Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қизилқум” ва “Сўғдиёна” ўртасидаги ўйин анча зерикарли, суст ўйин бўлди десам янглишмаган бўламан
11:42 / 2025-06-16

Эҳтимол ҳаво ҳароратининг ўта юқори даражада бўлганлиги таъсир қилгандир дерсиз. Ундай бўлса, Олмалиқдаги ОКМК ва Ғузорнинг “Шўртан”, Тошкентдаги “дерби” “Бунёдкор” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги баҳслар ҳам деярли шундай ҳароратда ўтдику.

Гап Навоийдаги ўйинда жамоаларнинг гол кирита олмаганида эмас, балки ўйинчиларнинг ана шу голга тортадиган вазиятларни яратаолмаганларида, комбинацион, жамоавий ўйин намойиш этолмаганларида деб ўйлайман. Тўғри, майдон эгаларидан Шаҳзодбек Раҳматуллаев, Роман Папарига, меҳмонлардан Люпчо Доириев,  Нодиржон Сойибовлар томонидан йўлланган зарбалар дарвозабонларга бироз бўлсада хавф туғдирди. Аммо мезбонлар дарвозабони Санжар Қувватов ҳам, меҳмонларнинг жароҳатдан фориғ бўлиб сафга қайтган тажрибали, легионер дарвозабони Милан Митрович ҳам бундай ҳолатлар учун тайёр эканларини намойиш эта олишди. Қолаверса, бутун 90 дақиқада (лекин ушбу учрашув 100 дақидан зиёд давом этди) фақат иккитадан хавфли зарба бериш суперлига жамоаларига хосмикан?

Дарвоқе, футбол мухлисларидан кимдир “Олмалиқда ўтган ОКМК ва Ғузорнинг “Шўртан” жамоалари ўртасидаги баҳс ҳам 0:0 ҳисобидаги нурсиз дуранг билан якун топдику?” дея бу фикримга эътироз билдирар. Аммо Олмалиқда ўтган баҳсдаги интирига, шиддат, мезбонлар дарвозаси олдида содир этилган кўплаб хавфли вазиятлар, ўз ўрнида меҳмонларнинг хавфли қарши ҳужумлари, аутсайдер бўлган ғузорликларнинг мардонавор ҳимояланиши, меҳмонлар дарвозабони Шоҳрух Эшбўтаевнинг маҳорат билан дарвоза даҳлсизлигини сақлаб қолиш ҳолатларини, афсуски, “Қизилқум” ва “Сўғдиёна” ўйинида  кўра олмадик.

“Қизилқум”нинг мураббий билан муоммоси туфайли жамоа ҳолатини ҳам, кўрсатаётган ўйинини ҳам тушуниш мумкиндир. Аммо “Сўғдиёна” бундан кейин ҳам шунақа ўта суст ва мақсадсиз ўйин кўрсатишда давом этаверса, клуб маъмурларини билмадиму, лекин жиззахлик футбол мухлислари бундай ўйинларни қабул қилаолмасликлари аниқ.  

FIFA кунларидаги унчалик ҳам кам бўлмаган танаффусда “Сўғдиёна” ПФК маъмурлари клубнинг ажойиб футбол академиясини очиш билан овора бўлган ҳам дейлик, лекин жамоа бош мураббийи Иван Бошкович ва умуман “Сўғдиёна” футбол жамоаси, турнир жадвалидаги вазиятидан келиб чиққан ҳолда, ана шу таътилдан унумли фойдаланишлари шарт ва зарур эди...  

Сиз азиз футбол мухлисларини билмадиму, мен оддий, лекин тажрибали футбол мухлиси сифатида “Сўғдиёна” ўйинида танаффусдан сўнг ҳеч қанақа ижобий ўзгаришни ҳозирча кўрмаяпман.

Бир неча кунлардан сўнг, бу икки клуб яна Ўзбекистон кубоги нимчорак финалида бир марталик плей-офф баҳсида Жиззахда бир-бирларига рўбарў келишади. Эҳтимол, ўшангача Жиззах футбол раҳбарияти жамоанинг бугунги ҳолатидан келиб чиқиб,  аниқ бир хулосага келиб қолар деб ўйлайман.  

А.Қаюмов, ЎзА мухбири