Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида “Қизилқум оҳанглари – 2025” кўрик-танлови ўтказилди.
Унда “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси тасарруфидаги барча маданият масканлари ижрочилари, ижодий жамоалари, ёш истеъдодлар ва маҳоратли устозлар иштирок этди.

Танлов икки босқичда ўтказилиб, дастлаб анъанавий чолғулар ансамбллари ва созандаларнинг 10 та, катта ва кичик ёш тоифасидаги хонандаларнинг 15 та чиқиши тингланди. Иккинчи босқичда эса иштирокчилар бастакорлар ижодидан биттадан асар ижро этиб, ўз маҳоратларини намойиш қилди.
Барча ижрочиларнинг чиқишлари Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илёс Арабов раҳбарлигида тажрибали ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, анъанавий чолғулар ансамбли йўналишида “Фарҳод” маданият саройининг “Сарахбор” мақомчилар ансамбли 1-ўринни эгаллаган бўлса, кичик ёш тоифасида “Учқудуқ” маданият саройи иштирокчиси Азизбек Исомиддинов, катта ёш тоифасида эса “Зафаробод” ҳудудий бошқармасининг Пахтачи тумани “Шодлик” клуби аъзоси Маржона Отақуловага тенг келадиган иштирокчи топилмади.
Танлов сўнггида ташкилотчилар томонидан иштирокчилар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида “Дўстлик оқшоми” мусиқий кечаси ташкил этилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири