Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қизилқум мўъжизаси: “Тошўрмон”ни кўрганмисиз?
10:21 / 2020-12-07

Она юртимиз нафақат тарихий обидалар, муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжолар, балки бой табиат оламига ҳам эга. Айниқса, кеча ва бугунни боғловчи, олис ўтмишдан ҳикоя қилувчи тош ўрмонлари ажойиб ва ғаройиб табиат мўъжизасидир.

Ўттиз миллион гектар майдонда ястаниб ётган Қизилқум саҳроси ўзига хос флора ва фаунасига эга. Навоий вилоятининг Учқудуқ туманига қарашли Мингбулоқ қишлоғидан 30 километр узоқликда жойлашган Жарақудуқ дараси ноёб палеонтологик музей ҳисобланади. Илмий фаразларга кўра, бу ерда тахминан 90-95 миллион йиллар аввал ҳудуддаги чинор (платан) ва қирққулоқ (папоротник)ларнинг тошга айланиши натижасида “Тошўрмон” юзага келган.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ноёб тошларнинг сеҳрли оламини ўзида мужассам этган “Тошўрмон”лар мавжуд. Масалан, Юнань провинциясида 350 квадрат километрни эгаллаган “Тошўрмон” (Shilin) миллий парки Хитойнинг табиий ёдгорликлари рўйхатига киритилган. Лена дарёсининг Якутск оқимидан 60 километр юқорида жойлашган яна бир “Тошўрмон” сайёҳларнинг севимли масканига айланган.

Болгарияда эса Варна ва София шаҳарлари оралиғида жойлашган ажойиб “Тошўрмон” 50 миллион йиллар олдин денгиз бўлган бу жойларда сув тугаб, кварцли қумлар бирлашган ва мустаҳкам тош устунларига айланиши натижасида вужудга келган. Тахминларга кўра, АҚШнинг Аризон чўлларида ястаниб ётган “Тошўрмон” энг катта ҳудудга эга. Мадагаскарнинг Цинги-де-Бемараха (Tsingy de Bemaraha) миллий боғидаги тош ўрмон антиқалиги билан бошқаларидан ажралиб туради. Оҳактошли плато келиб чиқиши карст бўлган ўткир учлар билан қопланган. Ушбу минерал ҳосилалар турли-туман шаклларга эга.

[gallery-291]

Бу каби тарихий ва афсонавий табиат мўъжизаларига эга давлатлар қаторида Ўзбекистоннинг ҳам борлиги барчамизни бирдек қувонтиради.

– Қизилқум кенгликлари ўзининг бепоёнлиги ва мўъжизаларга бойлиги, ўта қурғоқ ва жазирама иссиғи билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради, – дейди Сармишсой давлат музей қўриқхонаси директори Рамазон Эгамов. –У ўзининг географик жойлашуви ва таъсири жиҳатидан ўзгача хусусиятга эга. Бу эса қўшни ҳудудларнинг иқлимига таъсир кўрсатади. Унинг ландшафти ҳам жозибадорлиги ва ранг-баранглиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги кунда вилоятимизда 500 га яқин археологик, 300 дан зиёд меъморчилик ёдгорликлари рўйхатга олинган. Шу ўринда Сангижумондаги қимирлаб турувчи улкан тошлар, Сармишсойдаги тошга ўйиб чизилган қоя суратлар, Нурота чашмаси ва бошқа ёдгорликларни таъкидлаб ўтиш жоиз.

Суҳбатдошимиз вилоят тарихий ўлкашунослик музейининг Архиология бўлими палеонтология бурчагидаги “тошга айланган табиат намуналари” тўғрисида қуйидагиларни гапириб берди:

– Қизилқум бағридаги “Тошўрмон” Тетис денгизи қирғоғига келиб тушган метеорит қолдиқлари бўлиши мумкин, деган тахминлар мавжуд. “Тошўрмон”да тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, дарахт танаси ва меваларини, ҳатто ўрдакбурун динозаврнинг тошга айланган болдир суякларини ҳам кўриш мумкин. Буларнинг барчаси қачонлардир Қизилқум ўрнида улкан уммон бўлганлигидан далолат беради. Шунингдек, “Тошўрмон”ни шаклланишида қуйидаги фаразлар бор: ўша даврда дарахтлар ва сув остида ўсадиган паст буталар дарё бўйларида жойлашган. Атрофдаги қумлар сув билан оқиб келиши натижасида аста-секинлик билан дарахт атрофларига йиғилиб, тошга айлана бошлайди. Натижада ўсимликлар қурийди. Бутунлай қуриб битган дарахтлар ўрнида бўшлиқ пайдо бўлади ва бу бўшлиқ қум, чўкиндилар билан қопланади. Миллион йиллар давомида бу чўкиндилар тошга айланган.

Албатта, тарихнинг ўқилмаган саҳифаларига муҳрланиб қолган тошлар ўрмони ажойиб ва ғаройиб табиат мўъжизаси бўлиши билан бирга, давлат ва халқ бойлиги саналади. Айни пайтда бу каби ноёб ва беқиёс масканларни бебаҳо мерос сифатида асраб-авайлаш борадаси қатор чора-тадбирлар белгиланган.

 

Абдували БЎРИЕВ,

Сирож АСЛОНОВ (фото), ЎзА