Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қизилқум бағридаги тараққиёт: Пешку туманида ислоҳотлар самараси
21:11 / 2026-02-09

Бухоро вилоятининг энг олис ҳудудларидан Қизилқум кенгликларига туташ Пешку тумани бугун ислоҳотлар кўлами, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт суръатлари билан бутун вилоят миқёсида алоҳида эътиборга лойиқ ҳудудга айланиб бормоқда. Бир вақтлар маъмурий маркази ҳам бўлмаган, инфратузилмаси чекланган бу ҳудуд қиёфаси кун сайин янгиланиб, замонавий қишлоқ тумани сари қадам ташламоқда.

Айни пайтда туман тараққиётининг асосий драйвер йўналиши қишлоқ хўжалиги ҳисобланади. Сўнгги йилларда, айниқса, иссиқхона хўжаликларининг жадал ривожланиши аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омилга айланмоқда. Ҳозирда, туманда 24 039 та хонадонга тегишли 4 287 гектар томорқа ерлари ҳамда узоқ муддатли ижара асосида берилган 1 711 гектар экин майдонлари мавжуд бўлиб, уларнинг 330 гектарида иссиқхоналар ташкил этилган.

“Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилаётган намунавий лойиҳалар деҳқон ва томорқа хўжаликларида юқори даромадли экинлар етиштириш орқали, 10 сотих иссиқхонада ўртача 18 тоннагача ҳосил олиб, 150–200 миллион сўм даромад топаётган оилалар сони йил сайин ортиб бормоқда.

– Иссиқхона фаолиятини ўз томорқамдаги 2,5 сотих ердан бошлаганман. Илк натижалар яхши бўлди, барқарор даромад пайдо бўлди. Шундан сўнг ишни кенгайтириш, нафақат оиламизни, балки маҳалламиз аҳолисини ҳам иш билан таъминлашни мақсад қилдик. Президентимиз ташаббуси асосида 30 сотих ижара ер ажратилди. Шу ернинг 20 сотихига иссиқхона қурдик. Йилига икки марта ҳосил олинади. Биринчи мавсумда бодринг ва помидор етиштирилади. Ҳозирда қатор ораларига экилган помидордан 300 миллион сўмга яқин даромад олиш режалаштирилган. Айни пайтда беш нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган, – дейди Фарҳод Камолов.

Туманнинг Шавгон маҳалласидаги Моҳидил Қозоқова ўз хонадонидаги 2 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил этган. Ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида 200 миллион сўмлик банк кредити олиб, ижара ер майдонида қўшимча 8 сотих иссиқхона қурилди. Ҳозир ушбу иссиқхоналарда қулупнай етиштириш йўлга қўйилган бўлиб, бешта доимий иш ўрни яратилган.

[gallery-27566]

– Қишлоқ аёллари учун яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиш лозим, – дейди Моҳидил Қозоқова. – Аввалига уйимиздаги томорқада иш бошладик. Кейин ижара ер берилди, иссиқхона кенгайди. Фойдадан яна янги иссиқхоналар қуришни режалаштирганмиз. Бу нафақат оила фаровонлиги, балки бошқа аёлларни ҳам иш билан таъминлаш имконини беради.

Туманда микролойиҳаларни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш сиёсати ҳам самарали амалга оширилмоқда. Пешку маҳалласида Инобат Нарзиева томонидан ташкил этилган пишириқ ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси қисқа фурсатда маҳаллий бозорда ўз ўрнини топди. Бугун ушбу корхонада 20 нафарга яқин аҳоли доимий иш билан таъминланган.

Дейча маҳалласида эса Муҳаббат Бақоева томонидан ташкил этилган тикувчилик корхонаси туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан 64 миллион сўмлик асбоб-ускуналар билан таъминланди. Шунингдек, маҳалла еттилиги тавсияси асосида юз миллион сўмлик банк кредити олиниб, фаолият кенгайтирилди. Натижада 10 та доимий иш ўрни яратилди.

Пешку туманидаги тараққиёт нафақат ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик соҳасида, балки уй-жой қурилишида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Маълумотларга кўра, 2025 йилда Бухоро вилоятида қурилиш ишлари ҳажми 20 триллион сўмга етказилиб, ўсиш суръати 110 фоиздан ошган. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида минг нафар фуқарога субсидия асосида уй-жой хариди учун 294,4 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ўтган йилнинг ўзида уй-жойга муҳтож аҳоли учун 7 068 хонадондан иборат 130 та кўп қаватли уй-жой барпо этилган бўлиб, уларнинг қарийб ўн фоизи Пешку тумани ҳиссасига тўғри келади.

Бугун Пешку туманининг Янгибозор массиви қисқа фурсатда мўъжаз шаҳарчага айланиб улгурди. Замонавий кўп қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар, ижтимоий инфратузилма объектлари ёш оилалар ҳаётида янги саҳифа очмоқда.

– 2025 йил оиламиз учун жуда қувончли йил бўлди. Туман марказидаги замонавий кўп қаватли уйга кўчиб ўтдик. Шароитлар жуда қулай. Энг қувонарлиси, уйимиз олдида мактаб ва боғча бор. Фарзандларимиз замонавий таълим масканларида таҳсил оляпти. Ўзим тадбиркорман, тикув цехим бор. Эндиликда фаолиятимни кенгайтириш, иш ўринларини кўпайтиришни мақсад қилганман, – дейди Рухшона Зиёева.

Хулоса қилганда, Пешку туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар – қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, микробизнес, бандлик, уй-жой қурилиши ва ижтимоий инфратузилма соҳаларидаги тизимли ишлар ҳудуднинг барқарор ривожланишига мустаҳкам замин яратмоқда. Энг муҳими, замонавий уй-жойларда истиқомат қилаётган пешкуликлар катта мақсадлар билан келажак сари ишонч билан одимламоқда.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.