Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қизилқум бағридаги Конимех – 100 ёшда
14:46 / 2025-11-17

Конимех тумани – Навоий вилоятининг шимолида жойлашган, ўзига хос табиий шароити, бой тарихи ва иқтисодий имкониятлари билан ажралиб турадиган ҳудудлардан биридир. Туман гарчи чўл ҳудудида жойлашса-да, катта имкониятларга, бой тарихга ва меҳнаткаш аҳолига эга нуфузли туманлардан бири саналади.

Унинг саноати, чорвачилиги, ўзига хос табиати ва стратегик жойлашуви ҳудудни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратиб келаётир.

Қизилқум бағрида жойлашган Конимех тумани ўзининг 100 йиллик тарихий юбилейини муносиб нишонламоқда. Бугун бу ҳудудда кўп йиллик меҳнат, жасорат ва янгиланиш самаралари яққол кўзга ташланмоқда. Ёзда жуда иссиқ, қишда эса совуқ ва қуруқ иқлимли чўл шароитига қарамай, ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ ва яна ўндан ортиқ миллат вакиллари тотув ва иноқ ҳаёт кечириб, туман тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келяпти.

– Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан Конимехда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Инфратузилма янгиланди, иқтисодий салоҳият кенгайди, аҳоли турмуш даражаси яхшиланди, – дейди туман ҳокими Руслан Рўзиев. – Бугунги Конимех бир асрлик тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган, замонавий кўринишга эга ҳудуддир. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги ўсиш бунинг исботидир. Охирги беш йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6, қишлоқ хўжалиги 2,2, қурилиш ишлари 2,8, чакана савдо 2,3, хизматлар кўлами эса 2,2 баробар ошди. Тадбиркорлик субъектлари сони ҳам 817 тадан 1348 тага етди.

Туманда инвестицияларни жалб этиш бўйича ҳам муҳим натижалар қайд этилди. Беш йил ичида қиймати 396,2 миллион доллар бўлган 302 та лойиҳа амалга оширилди, 2 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди. Ушбу йўналишда 137,3 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, умумий инвестиция ҳажми 23 баробарга кўпайтирилди. Туманда томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилиши натижасида 100 гектардан ортиқ майдонда юқори сифатли пахта хомашёси етиштирилди.

Чорвачилик соҳасида ҳам улкан ютуқлар қайд этилмоқда. Беш йилда чорва бош сони 620 мингтага етди, яъни 115 фоизга ошди. Наслчиликни ривожлантириш мақсадида Монголиядан 10 мингдан ортиқ наслли қўйлар олиб келинди.

Конимехда замонавий инфратузилма барпо этиш ишлари изчил давом этмоқда. Охирги беш йилда 215,7 км автомобиль йўллари ва ички кўчалар таъмирланди. 68,2 км ичимлик суви тармоқлари қурилиб, 9 та аҳоли пункти тоза ичимлик суви билан таъминланди. Чўл ҳудудларидаги қатор овулларда янги қудуқлар қазилди. Электр таъминотини янада яхшилаш мақсадида 151,3 км электр тармоқлари ва 18 та янги трансформатор пунктлари ишга туширилиб, минглаб хонадонлар ва юзлаб тадбиркорлик субъектларининг шароити яхшиланди.

Бугунги кунда туманда тиббиёт ва таълим соҳаларида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Бирламчи тиббий ёрдам муассасалари сони 13 тага етди, 7 та “Маҳалла тиббиёт пункти” ташкил этилди. Янгиғазғон ва Саржал шифокорлик пунктлари капитал таъмирдан чиқарилди. Таълим соҳасида мактабгача таълим ташкилотлари 15 тадан 37 тага кўпайди, қамров даражаси 90,1 фоизга етди. Мактаблар таъмирланиб, 312 та янги ўқув ўринлари яратилди. Олий таълимга кириш кўрсаткичлари ҳам 32,8 фоиздан 43,6 фоизга ошди.

Юз йиллик тарихга эга Конимех тумани бугун нафақат замонавий, обод ва истиқболли ҳудудга айланиб бормоқда, балки бирдамлик ва дўстлик, янги қурилишлар, янгиланишлар масканига ҳам айланмоқда. Туманда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш учун олиб бориляпти. 

[gallery-26285]

Албатта, туман аҳлининг тараққиётга интилиши, меҳнатсеварлиги ва бирдамлиги туфайли туман ҳар томонлама ривожланиб, юксалиб бормоқда. 

100 йиллик байрам шодиёналари туманнинг барча ҳудудларида кенг нишонланмоқда. Байрам муносабати билан туман марказида маданият маркази таъмирдан чиқарилиб фойдаланишга топширилган бўлса, туман Адлия бўлимига қарашли давлат Архиви таркибида 100 йиллик тарихни акс эттирувчи ноёб экспонатлар ўрин олган музей очилди. Байрам муносабати билан улоқ кўпкари мусобақаси ташкил этилди. Куй-қўшиқлар янграб, барчага байрамона кайфият улашилмоқда. 

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари