Марказий Қизилқумнинг қоқ марказида, шимолдан Томдитоғ ва жанубдан Амантайтоғ тоғлари чегарасида жойлашган Қизилқоқ уран истиқболли майдони бугун юртимизнинг кон-металлургия соҳасидаги стратегик аҳамиятга эга муҳим нуқталаридан бирига айланмоқда.
Сўнгги йилларда “Навоийуран” давлат корхонаси Уран геологияси маркази “Букантоғ” геология-қидирув экспедицияси геологларининг мазкур конда амалга оширган геология-қидирув ишлари самарали натижаларни бермоқда.

2021 йилда Қизилқоқ майдонида излаш ва баҳолаш ишларини амалга ошириш учун махсус геологик топшириқ ишлаб чиқилиб, бурғилаш ишлари бошлаб юборилган эди. 2022-2025 йиллар мобайнида эса мазкур майдондаги ишлар изчил равишда давом эттирилиб, замонавий юқори самарадорликка эга бурғилаш ускуналарининг жалб этилиши натижасида қидирув ишлари сезиларли даражада ошди.
Бунинг самараси ўлароқ, ҳозирга қадар 750 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишлари бажарилиб, 10 минг тоннадан зиёд уран захираси ва 7 минг тоннадан ортиқ башорат ресурслари аниқланди. Бу эса майдоннинг истиқболини янада очиб берди.

- Аниқланган захираларни қазиб олиш имкониятларини баҳолаш мақсадида мутахассислар ер остида эритмага ўтказиш орқали уранни қазиб олишнинг оптимал технологиясини ишлаб чиқди, - дейди “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони бош муҳандиси Мурод Абдиев. - Айни пайтда ушбу технология асосида қазиб олиш ишлари бошлаб юборилган. Таъкидлашим жоизки, бугунги кунда майдонда 200 га яқин бурғилаш қурилмалари технологик бурғилаш ишларини олиб бормоқда. Келгусида ишлар вахта усулида ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда ишчилар шаҳарчасини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида бажарилган ишлар юзасидан дастлабки ҳисобот ишлаб чиқилиб, у яқинда корхона Илмий-техника кенгаши йиғилишида муҳокама қилинди. Муҳокама якунларига кўра, жорий йил якунига қадар якуний геологик ҳисоботни тайёрлаш ва аниқланган захираларни Давлат захиралари комиссиясида тасдиқлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Қизилқоқ майдонида амалга оширилаётган ишлар “Навоийуран” давлат корхонасининг сўнгги йиллардаги геология-қидирув йўналишидаги энг муҳим ютуқларидан бири сифатида қайд этилмоқда. Бу майдон нафақат “Навоийуран” ДК учун асосий минерал хомашё базаси бўлиб хизмат қилмоқда, балки мамлакатимиз уран саноати истиқболини таъминлайдиган стратегик захира сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда Қизилқоқ майдонидаги геология-қидирув ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда. Мақсад мавжуд уран захираларини янада кўпайтириш, минерал хомашё базасини мустаҳкамлаш ва қазиб олиш ҳажмини кенгайтиришдир.
А.Бўриев, ЎзА