French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қизил Ярим Ой жамияти: инсонпарварлик энг муҳим вазифа
14:05 / 2023-05-08

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти 1992 йил май ойида мустақил мақомига эга бўлди. У 1992 йилда Президент фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан эътироф этилган. Жамият ҳозирда Конституциямиз ва қонунлар, хусусан Фуқаролик кодекси, “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида” ги қонунлар, қолаверса, Женева Конвенциялари (1949 йил) ва уларга Қўшимча Протоколлар (1977 йил), Халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича бошқа ҳужжатлар доирасида фаолият юритмоқда.

Жамият 1995 йил ноябрь ойидан буён Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярий Ой жамиятлари федерацияси аъзосидир. Ўз фаолиятида Ҳаракатнинг асосий тамойиллари: инсонпарварлик, холислик, бетарафлик, мустақиллик, ихтиёрийлик, ягоналик, умумийликга таянади.  

– Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти зиммасига Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 августдаги “Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги ҳамда 2017 йил 21 августдаги “Аҳолининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёргарлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорлари асосида аҳолини фавқулодда вазиятларда пухта тайёрлаш, уларни тартибли ҳаракат қилиш кўникмасига ўргатиш, биринчи ёрдам кўрсатиш асосларига ўқитиш, фавқулодда вазиятлар пайтида ишлатиш учун товар-захира омборларини ташкил этиш каби ўта муҳим вазифалар юклатилган, – дейди Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Наманган вилояти ташкилоти раиси Дилором Сайфиддинова. – Шулардан келиб чиққан ҳолда, вилоят ташкилотимиз ва унинг ҳудудий бўлимлари аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида инсонпарварлик, меҳр-мурувват ғояларини тарғиб этишда, ижтимоий муҳтож инсонларга холис ёрдам кўрсатишда кўплаб амалий ишларни олиб бормоқда. Айни чоғда, вилоят ташкилотининг шаҳар ва туман бўлимлари ўз сафларига 180 мингдан зиёд аъзолар ва 190 дан ортиқ бошланғич ташкилотларни атрофида бирлаштирган.  

Биргина, ўтган 2022 йил ҳамда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Наманган вилоятида қирқдан ортиқ инсонпарварлик йўлидаги катта хайрия акцияси, аҳолини фавқулодда вазиятларда тайёрлаш доирасида саккизта тактик ўқув-машқи, 157 та маънавий-маърифий тадбир ва семинар-тренинг ўтказилди. Аҳоли ўртасида халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш мақсадида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу борада фақат, ўтган йил якуни ва жорий йилнинг тўрт ойида икки юзга яқин ўқув, семинар-тренинг ва давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда 10 минг 700 дан зиёд фуқаро иштирок этди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан ўтган 2022 йил ва кейинги ойлар давомида ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд 777 фуқарога йиғилган аъзолик бадаллари ва хайрия маблағлари ҳисобидан 211 милллион 600 минг сўмлик инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилди. Маҳаллий бўлимлар ўз васийлигига 240 нафар ногиронлиги бор, ўзгалар парваришига муҳтож якка-ёлғизлар ва кам таъминланган оилаларни олиб, уларни мунтазам равишда парваришлаб келмоқда. Улар ўтган даврда 50 миллион сўмдан ортиқ моддий кўмакдан фойдаланди.  

Фаолиятнинг асосий йўналишларидан бири бўлган аҳолини фавқулодда вазиятларда тайёрлаш масаласи доимий эътиборда бўлиб, бу борада ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Чунончи, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 августдаги “Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги ҳамда 2017 йил 21 августдаги “Аҳолининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёргарлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида 2022 йилда 2 минг 461, жорий йилнинг ўтган тўрт ойида 1 минг 222 нафар, жами, 3 минг 683 нафар аҳоли биринчи ёрдам кўрсатиш асосларига ўқитилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112,8 фоизни ташкил этмоқда.  

Наманган шаҳридаги Зарафшон, Давлатобод, Навбаҳор ва Ахсикент маҳаллаларига аҳолининг бардошлик қобилиятларини янада мустаҳкамлаш мақсадида фавқулодда вазиятлар пайтида ишлатиш учун 49 турдаги 27 миллион 100 минг сўмлик моддий-товар бойликлари беғараз тарқатилди. Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Наманган вилояти ташкилотининг эндиги вазифаси жорий йил якунига қадар зиммадаги вазифаларни бажариш орқали юртимизда инсонпарварлик, меҳру оқибат каби умумбашарий қадриятларни янада улуғлашдан иборат.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА