Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда парламент назоратига оид масалани муҳокама қилиш режалаштирилган.
Мажлисда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик ва ҳайвонот турларини муҳофаза қилишни янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
– Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – деди депутат Турғунбай Хожаназаров. – Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам экологик масалалар, хусусан, атроф-муҳитни асраш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга доир бир қатор нормалар ўз аксини топди. Мазкур қонун лойиҳаси билан «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвон ва ўсимликлар турларидан фойдаланишни тақиқловчи ва чекловчи талабларни белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, депутат қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида фракция ва қўмиталарда муҳокама қилингани ҳамда бир қатор ўзгаришлар, таҳририй тузатишлар киритилгани ҳақида маълумотлар берди.
Таъкидланганидек, ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган турларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва уларнинг яшаш-ўсиш муҳитини асраш, алоҳида муҳофазага олиш ҳамда келажак авлодга бус-бутунлигича қолдириш имкониятини беради.
Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди, таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА