Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қизил китобга киритилган камёб ўсимликлардан илмий-тадқиқот ишларида фойдаланиш мумкинлиги белгиланмоқда
16:51 / 2024-02-05

Юртимиз ҳудудидаги камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик турларини сақлаб қолиш ва кўпайтириш биохилма-хилликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, қонунчилигимизда Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик турларидан уларни табиий яшаш муҳитидан ажратиб олган ҳолда, ушбу турдаги ўсимликларни сақлаш, муҳофаза қилиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш мақсадида фойдаланиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Ушбу тартибларни ўзида акс эттирган “Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик ва ҳайвонот турларини муҳофаза қилишни янада кучайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида қизғин муҳокама қилинди. 

Қайд этилганидек, мамлакатимизда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик турларининг барқарор яшаш ва ўсиш шароитларини таъминлаш, уларнинг табиий популяцияларини сақлаб қолиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Депутатлар муҳокамасига тақдим этилган мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ўсимлик турларидан илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш мақсадида фойдаланиш мумкинлиги, уларнинг уруғ, кўчат ҳамда ниҳолларини питомник ва плантацияларда етиштириб, табиий муҳитга экилгандан камида уч йил ўтгандан сўнггина уруғларини йиғиш ёки ҳосилини олиш мумкинлиги кўзда тутилмоқда. 

Фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик турлари бутунлай йўқолиб кетишининг олдини олиш, уларни кўпайтириш ва муҳофаза қилишга хизмат қилиши, бу ўз навбатида, партия дастурий мақсадларига тўла мос келишини қайд этди. 

Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасининг долзарблиги қайд этилиб, уни янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА