Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қизил ҳудудлар сони нега камаймаяпти? — Криминологик таҳлил натижалари
10:03 / 2026-01-27

Ўзбекистонда маҳалла институти жиноятчиликка қарши курашнинг муҳим бўғинига айланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти маълумотларига кўра, мамлакатда мавжуд 9 минг 8 та маҳалланинг 44,8 фоизида 2025 йил ҳисобот даврида умуман жиноят қайд этилмаган. Бу деярли ҳар икки маҳалланинг бири тинч ва барқарор муҳитни сақлаб турганини англатади.

Аммо, шу билан бирга, 5 минг 869 та маҳаллада жиноят содир этилгани эса хавфсизлик масаласида профилактика чораларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Мисол учун, жорий йилда маҳаллаларда жами 37 минг 250 та жиноят қайд этилиб, ҳар 100 минг аҳолига 99,2 та жиноят тўғри келган.

Жиноятчилик ҳолатини чуқур таҳлил қилиш асосида маҳаллалар хавф даражасига кўра қуйидагича тоифаланган:  

• 663 та маҳалла (7,4 фоиз) — “қизил” тоифага,

• 4 311 та маҳалла (47,9 фоиз) — “сариқ” тоифага киритилган.

Ушбу тасниф профилактика ишларини аниқ ҳудудларга манзилли йўналтириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва тезкор чоралар кўриш имконини беради.

Жиноятчилик таркибида оғир жиноятлар улуши юқори  

Қайд этилган жиноятларнинг 33,6 фоизи оғир ва ўта оғир тоифада экани жиноятчилик сифат жиҳатдан мураккаблашаётганини кўрсатади. Бу эса фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш чоралари эмас, балки ижтимоий муаммоларни бартараф этишга қаратилган комплекс ёндашувни талаб этади.

Жиноятлар мазмунига кўра икки гуруҳга ажратилган:

• 41,2 фоиз — олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар,

• 58,8 фоиз — аниқланадиган жиноятлар.

Мутахассисларнинг фикрича, олдини олиш мумкин бўлган жиноятларни эрта аниқлаш, ижтимоий муҳитни тўғри бошқариш ва профилактик ишларни кучайтириш орқали жиноятчилик даражасини сезиларли камайтириш мумкин.

Ҳудудлар кесимида таҳлил эса қуйидагича:

• Тошкент шаҳри — 80,6 та,

• Тошкент вилояти — 61,7 та,

• Самарқанд — 47,6 та,

• Фарғона — 46,4 та,

• Навоий — 43,8 та,

• Наманган — 41,2 та.

Таҳлилга кўра, ушбу ҳудудларда аҳоли зичлиги, иқтисодий фаоллик ва миграция жараёнлари юқори бўлгани сабаб жиноятчилик хавфи ошиши кузатилмоқда.

Айрим вилоятларда эса республика ўртача кўрсаткичидан паст натижалар қайд этилган. Бироқ, мутахассислар паст рақамларни хавф йўқлиги билан тенглаштирмаслик, ҳар бир ҳудудда ижтимоий муҳитни чуқур ўрганиш лозимлигини таъкидлайди.  

Айрим туман ва шаҳарларда хавфли ўсиш ҳолатлари кузатилган

Баъзи туман ва шаҳарларда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар кўрсаткичи республика ўртача даражасидан бир неча баробар юқори экани қайд этилди. Бу ҳолат профилактика ишларини стандарт усулда эмас, балки ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хавф модели асосида қайта ташкил этиш зарурлигини кўрсатади.

Хулосаларга кўра, 2025 йил маҳаллалар кесимидаги жиноятчилик таҳлили икки томонлама манзарани очиб беради. Бир томондан, маҳаллаларнинг қарийб ярмида жиноят қайд этилмагани катта ижобий натижа ҳисобланади. Иккинчи томондан, оғир жиноятлар улуши юқорилиги ва айрим ҳудудларда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ўсиши хавфсизлик масаласида янги ёндашувларни талаб этади.  

Айни йўналишда Ўзбекистон Криминология тадқиқот институти томонидан амалга оширилаётган илмий-таҳлилий ишлар, социологик сўровлар ва ҳудудий мониторинг натижасида жиноятчиликка қарши курашда манзилли ва комплекс чоралар ишлаб чиқиляпти. Бу эса маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва профилактика тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.  

М.Эшмирзаева,

ЎзА