2026 йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳалланинг фақат ҳудудий бошқарув бирлиги эмас, балки ижтимоий барқарорлик, хавфсизлик ва тараққиётнинг мустаҳкам таянчи эканини яна бир бор тасдиқлади.
Шу маънода, жойларда “қизил ҳудуд” сифатида қайд этилган маҳаллаларни тубдан соғломлаштириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида “қизил ҳудуд” тоифасига киритилган “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида айнан шу масалага бағишланган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Ҳусан Абдувоҳидов, туман прокуратураси ҳамда ички ишлар органлари раҳбарлари иштирок этишди.
Муҳокама жараёнида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш масалалари чуқур таҳлил қилинди. Бу вазифалар Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган — “жиноятнинг оқибати билан эмас, сабаби билан курашиш” тамойилига тўлиқ ҳамоҳанг экани билан аҳамиятлидир.

Жорий йил январь ойида камбағалликни қисқартириш ҳамда ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишларида ҳам маҳаллалар кесимида манзилли ишлаш, ишсизлик ва ижтимоий муаммоларни барвақт аниқлаш асосий вазифа сифатида белгилаб берилган эди. Шунингдек, давлат раҳбарининг 2025 йил декабрь ойида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида ҳар бир маҳаллани хавфсиз, обод ва фаровон ҳудудга айлантириш бўйича аниқ топшириқлар берилган.
— Маҳалланинг “қизил” ёки “яшил” тоифада туриши — бу шунчаки статистик кўрсаткич эмас, балки раҳбарларнинг иш самараси ва масъулияти мезонидир, — дейди Пахтакор тумани ҳокими Ҳусан Абдувоҳидов. — “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида муаммоларни яшириш эмас, очиқ таҳлил қилиш ва аниқ манзилли чоралар орқали ҳал этиш йўлини танладик. Бандлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, профилактика ва маънавий муҳитни соғломлаштириш — асосий тўртта устувор йўналишимиздир.
Йиғилиш якунида масъулларга аниқ вазифалар юклатилиб, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинини босқичма-босқич “яшил ҳудуд” тоифасига олиб чиқиш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Бу эса 2026 йил давлат дастурида белгиланган мақсадлар — маҳаллани ривожлантириш орқали жамиятни юксалтириш ғоясининг амалий ифодаси ҳисобланади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири