Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қиз ўзини нега каналга ташлади?
10:49 / 2025-06-16

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қарши бош каналига ўзини ташлаб жонига суиқасд қилган қизни профилактика инспектори қутқариб олгани ҳақидаги видеолавҳа тарқалди. Бу жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.

Қизнинг ўз жонига суиқасд қилишига нима сабаб бўлганини аниқлаш учун биз воқеа жойига бордик. Маълум бўлишича, ҳолат Қарши туманидаги Шойхўжа ва Мирмирон маҳаллари ўртасидан оқиб ўтувчи Қарши магистрал канали қирғоғида юз берган. Уни қутқариб қолган гуруҳ эса Шойхўжа маҳалласи профилактика инспектори, маҳалла ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли.  

Дастлаб Шойхўжа маҳалласидан “қутқарувчилар”ни топиб, воқеа жойига – Қарши бош канали қирғоғига бордик. Юз берган ҳолатни тасвирлаб берар экан, маҳалла ёшлар етакчиси Арслон Қўзиев қуйидагиларни гапириб берди.

– Қизни хотин-қизлар фаоли билан биргаликда тинчлантиришга ҳаракат қилдик, лекин яқинлашган сайин у канал томонга юра бошлади, – дейди А.Қўзиев. – Барибир кўнмади, ўзини каналга ташлади. Уни қутқариш учун профилактика инспектори ўзини сувга ташлади. Мен ҳам инспекторнинг ортидан тезда сувга тушдим. Инспектор бўйнигача сувга кириб кетди ва қизнинг орқасидан бориб кийимидан ушлади, мен эса инспекторни белидаги тасмасидан ушлаб қолдим. Сув оқими жуда тез эди. Қиз яна тахминан бир метр ўртага кетса, тамом уни қутқаришнинг имкони бўлмасди. Чунки каналда сув ҳажми кўп ва жуда чуқур.  Тўғрисини айтганда канал қирғоғига чиқиш жуда қийин бўлди.  Хотин қизлар фаоли қирғоқдан ёрдам қилди. Қизни чиқариб олганимиздан кейин ҳам у ўзини яна сувга ташлашга уринарди. Шукрки, вақтида тезкор ҳаракат қилиб ҳаётини сақлаб қолдик.  

Хотин-қизлар фаоли Нигора Ҳайитова эса ҳолат жуда ҳаяжонли бўлганини таъкидлайди.

– 12 июнь куни чамаси соат кундузги 11 лар атрофида маҳаллада одатдагидек ишлаётган эдик, – дейди Нигора Ҳайитова. – Профилактика инспекторимиз Шербек Тўрақуловга телефон келди “Сизнинг фуқаронгиз каналга ташлаш хавфида турибди, тезлаштириб келинг, аёл киши”, деди. Аёл кишилигини эшитиб мен ҳам ёшлар етакчиси, профилактика инспекторига эргашиб воқеа жойига бордим. Етиб келганимизда қиз каналнинг қирғоғида телефонда гаплашиб турарди, лекин ўзида эмас ва сувга ташлаш эҳтимоли жуда юқори эди. Мен аёл киши бўлганим учун унга биринчи бўлиб яқинлашдим ва тинчлантиришга ҳаракат қилдим. Лекин фойдаси бўлмади. Биз яқинлашганимиз сари у қирғоққа яқинлашиб бораверди. Гаплашиб олайлик дея қўлимни чўзганим билан ўзини сувга ташлади. Инспекторимиз уни қутқариш учун ўзини сувга ташлади. Уни ортидан  ёшлар етакчиси. Улар қизни қирғоққа олиб чиқишди. Қиз яна ўзини сувга ташлашга уринарди. Қизни маҳаллага олиб келдик. Турмуш ўртоғи билан боғландик. Оиласини чақирдик.  

Маҳалладаги профилактик суҳбатлар асносида маълум бўлдики, қиз 5-курс талабаси, оилали, икки нафар фарзанднинг онаси, Косон туманилик экан. Маҳалла вакилларининг айтишича, жонига қасд қилишдек қарорга нега келгани тўғрисидаги саволларга у жавоб бермаган. Шундан сўнг суриштирувни давом эттириб, қиз яшовчи маҳаллага бордик. Маҳалла хотин-қизлар фаоли Наргиза Аралова билан ҳам кўришиб, унинг фикрларини тингладик.  

– Биз ўша хабарни эшитганимизда кутилмаган зарба бўлди, – дейди Н.Аралова. – Чунки бу оиладан бирор марта ҳам маҳаллага шикоят келмаган. Нотинч оилалар рўйхатида турмайди. Бориб ўзи билан гаплашдик. Психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар бердик. Назоратга олинди. Ҳозирда қизнинг умумий аҳволи яхши. Ўзи битирувчи курс талабаси. Реабилитация ишлари олиб бориляпти.  

Маҳалла фаолларининг фикрига таянадиган бўлсак, қизнинг ҳеч қандай муаммоси бўлмаган. У ўзидан ўзи бирдан ўзини каналга ташлаб жонига қасд қилмоқчи бўлган. Фаоллар қиз билан боғлиқ маълумотларни батафсил очиқламасада, бу ҳолатда мантиқ йўқ. Лекин энг муҳими икки нафар норасида гўдак эрта она меҳридан бебаҳра қолишининг олди олингани, қизнинг ҳаёти сақлаб қолингани. Нима бўлганда ҳам яратганнинг ўзи инъом этган ҳаётимиз, соғлигимиз энг муҳим бойлигимиз эканини унутмаслигимиз керак.

Ўлмас Баротов,

ЎзА мухбири