Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз жазо турларини қўллашнинг жавобгарлиги бор
16:31 / 2023-07-21

Интернет нашрлари маълумотига кўра, бугунги кунда бутун дунёда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар кўпайиб бормоқда. Лекин, бунга қарши курашиш ҳам сустлашаётгани йўқ.

Хўш, юртимиздачи? Қийноққа солиш, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жиноятига қарши қандай чоралар кўриляпти?  

Бу борада Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти Юридик фанлар кафедраси ўқитувчиси Абдуқодир Абдибоситов қуйидагиларни гапириб берди.  

–Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  

Инсон ҳуқуқларини таҳқирловчи хатти-ҳаракатлар, шу жумладан жиноятларни очиш жараёнида қийноққа солиш халқаро ҳамжамият томонидан қабиҳ ишлар қаторида эътироф этилиб, уларни тақиқлашга оид бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу борада бир қатор миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қабул қилинди.  

Давлатимизнинг Асосий қонунида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг деярли барча принципиал қоидалари ўз аксини топган бўлиб, айниқса, инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари алоҳида тартибда белгиланиши жамият ҳуқуқий тизими етуклигининг ифодаси сифатида намоён бўлади.  

Амалдаги Конституциямизнинг 26-моддасида ҳам ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.    

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят ишларини юритиш тартиби белгиланган Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддаси “Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш” принципига бағишланган бўлиб, унда ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланган.  

Шунингдек, ушбу кодекснинг 951-моддасига асосан агар фактик маълумотлар жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаган ҳолда олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас деб топилади.  

Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш келтириб чиқарадиган жиноий жавобгарликка тўхталадиган бўлсак, Жиноят кодексининг 235-моддасида қуйидагича белгиланган.  

Жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш, яъни маъмурий қамоққа олинган шахсга, шунингдек гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга, гувоҳга, жабрланувчига, жиноят процессининг бошқа иштирокчисига ёхуд уларнинг яқин қариндошларига улардан ёки бошқа учинчи шахсдан бирор-бир ахборот олиш, жиноят содир этганлигига иқрорлик кўрсатуви олиш мақсадида, уларни содир этилган қилмиш учун ўзбошимчалик билан жазолаш ёхуд бирор-бир ҳаракатни содир этишга мажбурлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг ёки бошқа давлат органининг ходими томонидан ёхуд унинг далолатчилигида ёки хабардорлигида ёхуд индамай берган розилиги билан бошқа шахслар томонидан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар воситасида содир этилган қонунга хилоф руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказиш ёки бошқача тарзда босим ўтказиш — муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Ўша ҳаракатлар, хусусан, ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган зўрликни қўллаган ҳолда ёхуд шундай зўрликни қўллаш таҳдиди билан, миллий, ирқий, диний ёки ижтимоий камситиш замирига асосланган ҳар қандай сабаб бўйича, бир гуруҳ шахслар томонидан, такроран, кекса шахсга ёки ночор аҳволдаги шахсга, вояга етмаган шахсга ёхуд ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан ҳамда икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, ҳаётга ва соғлиққа зарар етказиши мумкин бўлган ашёлар қўлланилиб далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) мақсадида содир этилган бўлса — муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар баданга оғир шикаст етказилишига ёхуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.  

Хулоса сифатида шуни айтиш лозимки, бугунги кунда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жиноятларига қарши курашиш ва олдини олиш жиддий аҳамият касб этмоқда. Бу борада одам савдосига қарши курашнинг халқаро ва миллий қонунчилик нормаларида қонуний тартибга солиниши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали воситаси ҳисобланади.  

Гулноза Бобоева, ЎзА