ОНЛАЙН
Ҳаётимиз давомида баъзан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа органлар вакиллари томонидан қийноққа солиш ёки қадр-қимматни камситувчи муомала қилиш каби ҳолатлар ҳақида эшитамиз. Эндиликда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарарнинг тўла ҳажмда тўланиши белгиланмоқда.
Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ўз ифодасини топган.
Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарар учун жавобгарлик ҳақидаги 991-моддасига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарарнинг тўла ҳажмда тўланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 1021-моддаси иккинчи қисмига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланиши ҳақидаги нормани киритиш таклиф этиляпти.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қийноққа солиш оқибатида зарар кўрган жабрланувчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Депутатлар Жаҳонгир Ширинов, Даврон Арипов, Алишер Ҳамроев ва бошқалар қонун лойиҳаси нормаларидаги айрим тушунчалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Мажлисда қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА