Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида “Kusum Uzbekistan” МЧЖ раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
“Tashkent Pharma Park” илмий-ишлаб чиқариш инновацион кластери ҳамда “Kusum Uzbekistan” МЧЖ ўртасида кластер ҳудудида қиймати 10 миллион АҚШ доллар бўлган фармацевтика заводини қуриш борасида инвестицион келишув имзоланган.
100 дан ортиқ бренд остида ишлаб чиқарилувчи маҳсулотлари гинекология, кардиология, эндокринология, неврология, гастроэнтерология ва бошқа кўплаб соҳаларда қўлланиб келаётган “Kusum Uzbekistan” МЧЖ Тошкент вилояти Зангиота туманида қад ростлаётган “Tashkent Pharm Park” кластерининг саноат зонасида дори воcиталарини ишлаб чиқаришга мўлжалланган фармацевтика заводини қуриш ишларини бошлаб юборган.
Ушбу лойиҳа доирасида неврологик касалликларни даволаш, турли хасталиклар боис юзага келувчи оғриқ синдроми, яллиғланиш жараёнларини бартараф этишга қаратилган таблетка шаклидаги дори воситаларини, иммун тизими ишини яхшиловчи, витамин ва микроэлементлар ўрнини тўлдирувчи препаратларни ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Агентлик матбуот хизматига кўра, учрашувда ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, 1997 йилда фаолиятини бошлаган “Kusum Healthcare Pvt Ltd." тўртта замонавий ишлаб чиқариш бўлинмаларига эга бўлган тўлиқ интеграциялашган фармацевтика гуруҳи бўлиб, “Kusum” компаниялар жамоаси таркибига киради. Барча ишлаб чиқариш қувватлари ЖССТнинг GMP сертификатига эга.
М.Қосимова, ЎзА