Маълумки, хориждан келтириладиган товарларнинг божхона тўловлари тўғри ва тўлиқ ундирилишида товар кодини тўғри белгилаш муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Чуқурсой» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида пойтахтимиздаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига хориждан юк автотранспорт воситасида келтирилган товарлар Хавфларни бошқариш тизимида қизил йўлакка тушгани боис божхона кўригидан ўтказилди.

Қиймати 1 миллиард 33 миллион сўмлик товарларни юк эгаси ҳужжатларда нур таратувчи пешлавҳа сифатида кўрсатган бўлса-да, аслида товар ҳаракатланувчи матнларни ифодаловчи электрон қурилма ҳисобланади.
Яъни ушбу товарлар ўртасида бир қарашда яққол фарқ кузатилмаса-да, аслида ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасида бошқа-бошқа кодлар билан таснифланади.
Товар коди тўғри белгиланганида, давлат бюджетига 95 миллион сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилган бўлар эди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
ЎзА