Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишнинг тўқсон куни ёхуд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг ўзига хос тажрибаси
11:37 / 2023-10-10

Иликузди паллаларда, эрта кўкламда бозорга турли сабзавот ва барра кўкатлар олиб чиқаётган деҳқонни кўз олдингизга келтиринг. Бундай даромадли ва хайрли ишни қилиш учун ўзига хос тажриба керак.

Кузда миришкор асосий экиндан бўшаган майдонга уруғни қадайди, меҳрини беради. Ёғин-сочинга қолдирмай ундириб олади. Экин қор кўрпаси остида, қишнинг ундай-бундай кунларида тўқсон кун дам олади – етилади.

Тўқсонбости деб аталган бу омилкор усулда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг ўзига хос тарихи бор. Усул самарали бўлгани учун ҳам унга бўлган эътибор йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 август куни озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Йиғилишда нархларни жиловлаш такрорий экинларни кўпайтириш ва маҳсулот ҳажмини ошириш орқали бўлиши кераклиги таъкидланган.

Бугун мавсумнинг муҳим юмуши – такрорий экин экиш билан боғлиқ жараёнларга тўхталамиз.

Деҳқоннинг даромадини оширган ташаббус

Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида тўхталиш ўринли. Кейинги йилларда пахта, ғалла майдонлари қисқартирилди. Қисқарган майдонларда аввалгидан самарали қишлоқ хўжалиги экинлари парвариш қилинмоқда. Хусусан, аҳолига деҳқончилик учун икки юз минг гектар ажратилгани озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтиришда муҳим омил бўлди.

Бу хайрли ишлар самара бермоқда. Самара етти юз минг нафар аҳоли доимий, шунингдек, бир миллион уч юз минг нафари мавсумий иш билан таъминланганида ҳам кўринади. Олти юз беш минг нафар деҳқоннинг даромади кўпайгани аҳамиятли. Яна бир эътиборли томони картошка, пиёз, сабзи каби маҳсулотлар билан ўзини ўзи таъминлайдиган ҳудудлар сони ортган.

Маълумотларга кўра, кейинги йилларда мамлакатимиздаги иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотлар 300 минг тоннага етган. Таққослаб кўрамиз. Бу кўрсаткич тўрт-беш йил аввал 90 минг тонна бўлган.

Ўсиш динамикаси эса юртимизда иссиқхоналар майдони уч карра ортгани билан боғлиқ. 

Мавзудан узоқлашмаймиз

Бу йил мамлакатимизда тўқсонбости усулида экинлар экиш учун 370 минг гектар ер ажратилган. Ўтган йилгига нисбатан 70 минг гектар кўп. 

– Хабарингиз бор, 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, ўша ҳудудлар ҳисобига деҳқон хўжаликлари ташкил этилган, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги департамент раҳбари Зафар Ортиқов. – Бу майдонларда ҳам, кўплаб аҳоли томорқаларида ҳам тўқсонбосди усулида қишлоқ хўжалиги экинлари экилмоқда. Умумий ҳисоблаганда бундай экин майдонлари жами 500 минг гектардан ошиб кетади. Бу ишларнинг аҳамияти қанчадан-қанча аҳолининг ишли бўлаётганида, маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорга йўналтирилаётганида янада кўпроқ намоён бўлади. 

Масаланинг долзарблигини инобатга олган ҳолда жойларда шу мавзуга қаратилган учрашувлар, кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда.

Хусусан, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида фермер хўжаликлари дала майдонида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар ташаббуси билан тўқсонбости экинларини экиш, томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича семинар ташкил этилди.

Янгиқўрғонда келгуси йил ҳосили учун 5 минг 600 гектардан ортиқ барча тоифа хўжаликларида тўқсонбости сабзавот экинларини экиш режа қилинган. Бугунги кунда тегишли фермер ва деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларида экин ишлари қизғин давом этмоқда.

Миришкорлар юртимизнинг ҳар қарич ерини зарга, тиллога менгзашади. Шу ўринда уларни заргарга қиёс этсак муболаға бўлмайди. Дастурхонлар тўкинлиги йўлида мавсумнинг ҳар дақиқасини ғанимат билаётганларга ҳорманг деймиз.

Икром Аввалбоев, ЎзА мухбири