Юртимизда қиш фаслининг илк кунлари одатдагидан бир оз бошқача тарзда ўтмоқда. Аммо, ҳар бир фаслнинг ўзига яраша таровати бўлганидек, озми кўпми ташвишлари ҳам мавжуд.
Жумладан, ҳудудларда совуқ кунларнинг келиши билан масъулиятли ва жиддий синов даври ҳам бошланади. Совуқ кунларда истеъмолчиларга электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш ҳам янада долзарб масалага айланади. Ана шундай масъулиятли паллада аҳолининг электр энергияга бўлган талабини қондиришда сифатли хизмат кўрсатилиши муҳим аҳамият касб этади. “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Наманган ҳудудий филиали директори Адҳамжон Қорабоев мавсумни ижобий ўтказиш борасидаги ўз муносабатини қуйидагича изоҳлади.
– Халқимизда “Қишнинг ғамини ёзда ейиш керак”, деган нақл бежиз айтилмаган. Қиш кунларида электр энергиясини узлуксиз ишлаши ёз фаслида олиб борилган тайёргарлик ишларига бевосита чамбарчас боғлиқ. Таъкидлаш даркор, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти электр энергияси ишлаб чиқарадиган станция эмас, балки айнан ишлаб чиқарувчи томонидан етказиб берилаётган электр энергиясини истеъмолчиларга бир маромда тақсимлаб берувчи юридик ташкилотдир.
Бугунги кунда Наманган вилоятида электр энергиясидан фойдаланувчи истеъмолчилар сони 668 минг 144 тани ташкил этиб, шундан 634 минг 112 таси аҳоли ва 34 минг 32 таси улгуржи ташкилотлар ҳисобига тўғри келади. Шулар қаторида “Аскуэ” онлайн тизимига 652 минг 555 истеъмолчи уланган.
Таъминотда сифат ва самарадорликка эришишда филиалнинг алоҳида ўрни ҳамда масъулиятли вазифалари бор. Айни шунинг учун ҳам 2025-2026 йил қиш мавсумига тайёргарлик режасига биноан 6400,3 километр тармоқ ва 2 минг 893 трансформатор пунктида мукаммал ҳамда жорий таъмирлаш режалаштирилиб, бу тўлиқ бажарилди. Бундан ташқари 765 трансформаторда юкламалар тенг тақсимланди, 12 таси юклама марказига кўчирилди. Ички имкониятдан келиб чиқиб 29 та қўшимча трансформатор пункти ўрнатилди ва 31 та кичик қувватли трансформатор катта қувватлисига алмаштирилди ҳамда 44 таси ҳомийлик асосида қурилди.
Жорий мавсумда вилоятдаги 86 маҳаллада 15 минг 748 темир-бетон таянч ўрнатилди. Умумий узунлиги 850,6 километр тармоқ ва 200 трансформатор пункти ишга туширилди. 6400,3 километр тармоқ, 2 минг 893 трансформатор пунктида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Хусусан, 35-110 кВли 425 яроқсиз (полимер) изолятор замонавийсига алмаштирилди ҳамда 189 темир таянч коррозияга қарши бўялди.
Камчиликларни бартараф этиш мақсадида Хитойнинг “Тbеа” компаниясида ишлаб чиқарилган катта қувватли 8 та трансформатор олиб келинди. Шундан иккитаси Косонсой туманидаги “Косон” подстанциясига, иккитаси Чортоқдаги “Чортоқ”, иккитаси Давлатоботдаги “Олмазор” ва иккитаси Чуст туманидаги “Ифтихор” подстанциясига ўрнатилди. Натижада 30 та подстанциядаги 37 та куч трансформатори юкламасиз ишлаши таъминланди.
Тармоқдаги узилишлар бўйича мурожаатларни эътиборга олган ҳолда, Наманган шаҳрининг Ғишт кўприк, Озод ва Маданий Маориф маҳаллаларидаги истеъмолчиларни электр таъминоти билан таъминловчи 6 кВли “15-Мактаб” кабель тармоғи юкини енгиллатиш учун уч километр, Давлатабод туманидаги Янги тонг ва Истиқлол маҳаллаларидаги 6 кВли “Янги тонг” эскирган кабель тармоғи ўрнига 0,7 километр ҳамда Янги Наманган туманидаги Мингтерак, Ахсикент ва Мустақиллик беш йиллиги маҳаллаларини қувват билан таъминловчи 10 кВли “Самарқанд” ва 6 кВли “Булоқсой” тармоқларини юкини енгиллаштириш учун тўрт километр янги тармоқ тортилди.
Шунингдек, Янги Наманган туманидаги Сиҳатгоҳ ва Мингчинор маҳаллалари учун 10 кВли “Кислород-2” тармоғини юкини енгиллаштириш учун 1,4 километр ҳамда Чуст туманидаги Камарсада, Сероб, Гулистон ва Дўзанда маҳаллаларига қарашли 10 кВли эски “Камарсада” тармоғи ўрнига 0,3 километр янгиси қурилди.
Умуман олганда, жами 78 трансформатор пункти ўрнатилиб, ишга туширилди. Шунинг 50 тасини юкламалари енгиллаштирилди, 28 таси эса юклама марказига кўчирилди. Қўшимча 139,3 километр узунликдаги тармоқлар тортиб ишга туширилди.
Тайёргарлик ишлари жараёнида кўп қаватли уйлардаги таъминот ҳолати ҳам эътибордан четда қолмади. Вилоят бўйича 1 минг 635 уйдаги 6 минг 953 электр хўжалигида таъмир зарурлиги аниқланиб, далолатномалар тайёрланди ва лойиҳа топшириғи ишлаб чиқилди ва режадаги ишлар тўлиқ адо этилди.
“Халқ талаби – ҳақ талаб”, деган тамойилдан келиб чиққан ҳолда, корхона диспетчерлик хизматларига келиб тушаётган ҳар бир мурожаат ечимига доимий аҳамият қаратилмоқда. Таҳлилий рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, жами 2010 мурожаатнинг 1397 таси Президент қабулхонасига, 80 таси Бош прокуратурага ва 339 таси “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига, 38 таси Наманган вилояти ҳокимлигига ҳамда 156 таси филиалга йўлланган. Барчаси мутахассислар томонидан жойида ўрганилиб, ижобий ҳал этиб келинмоқда.
Фавқулодда узилишларнинг олдини олиш ва содир бўлганларини тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида электр таъминоти корхоналарида 584 ходимдан иборат 104 та бригада ҳамда 30 махсус транспорт шай холга келтирилди.
Ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш ва халқмиз фаровонлигини тубдан яхшилаш орқали кўзланган мақсадга эришилар экан, бу борада соҳа вакиллари замон талаби даражасида сидқидилдан хизмат қилишга бел боғлаган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА