Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишнинг қаҳрли кунлари ҳали олдинда, тайёргарлик етарлими?
13:54 / 2026-01-22

Қашқадарё вилоятида бугунги кунда 819 минг 162 та электр энергияси истеъмолчиси мавжуд бўлиб, шундан 63 минг 541 таси юридик, 755 минг 621 таси аҳоли хонадонларидир. Ушбу истеъмолчиларга 35-500 кВли 202 та подстанция, умумий узунлиги 32 минг километрга яқин бўлган электр тармоқлари ҳамда 12 минг дона трансформатор орқали электр энергияси етказиб берилмоқда.

Бу рақамлар соҳанинг нақадар улкан ва масъулиятли эканини кўрсатади. Шу боис ҳар бир носозлик, ҳар бир узилиш минглаб хонадонлар ҳаётига бевосита таъсир қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-2026 йиллар куз-қиш даврига тайёргарликка оид 453-сон қарори ҳамда Энергетика вазирлигининг тегишли буйруқларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йил давомида вилоятда қатор амалий ишлар олиб борилди. Асосий мақсад совуқ мавсумни беталафот ўтказиш, аҳолини барқарор энергия билан таъминлаш ва мурожаатларга тезкор муносабат билдиришдан иборат.

Бунинг учун вилоят, шаҳар ва туман миқёсида куну тун ишлайдиган штаблар ташкил этилди. Авариявий ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида махсус бригадалар шай ҳолатга келтирилди, зарур асбоб-ускуналар захираси яратилди. Қўшимча навбатчи телефон рақамлари ва 1154 Call-маркази орқали фуқаролар мурожаатлари 24 соат қабул қилиниб, аниқланган камчиликлар жойида ҳал этилмоқда.

Мавсумга тайёргарлик жараёнида 3 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва мингдан зиёд трансформаторда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Айниқса, ижтимоий жиҳатдан оғир маҳаллаларга алоҳида эътибор қаратилди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 89 та маҳаллада 10 мингдан ортиқ темир-бетон устунлар, 188 та трансформатор ўрнатилиб, қарийб 400 километр янги тармоқ қурилди. Бу, аввало, энг заиф ҳудудлардаги аҳоли учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган барқарорликни таъминлашга қаратилган қадамдир.

– 2017-2025 йиллар давомида эса 7,5 минг километрдан ортиқ тармоқ ва 2 мингдан зиёд трансформатор янгидан қурилди ёки реконструкция қилинди, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари”АЖ Қашқадарё ҳудудий филиали бўлим бошлиғи Носир Бўриев. – 70 мингдан ортиқ яроқсиз устунлар замонавий темир-бетон устунларга алмаштирилди. Натижада 218 та маҳалладаги 134 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари ҳамда 600 дан ортиқ йирик истеъмолчиларнинг электр таъминоти сезиларли даражада яхшиланди. Асосий мақсадимиз ҳар бир хонадонда барқарор ёруғликни таъминлаш, айниқса, совуқ мавсумда аҳолини узилишлардан ҳимоя қилишдир. Электр таъминотидаги барқарорлик одамлар ҳаёти сифати билан бевосита боғлиқ эканини яхши англаймиз.

Авариявий ҳолатларга қарши курашиш учун 83 та таъмирлаш бригадасига 684 нафар мутахассис, ўнлаб махсус техника ва автомашиналар бириктирилди. Шу билан бирга, трансформаторлар, мой, кабель, сим ва минглаб бошқа эҳтиёт қисмлар захираси шакллантирилди. Бу фавқулодда вазиятларда вақтни ютқазмаслик, “қиш қаҳри” олдида ожиз қолмаслик учун муҳим омил.

Н.Бўриевнинг таъкидлашича, жорий йилга мўлжалланган режалар ҳам салмоқли. Президент қарорлари асосида 2026 йилда 585 километрдан ортиқ янги электр тармоқлари ва 151 та трансформатор пункти қурилиши ҳамда реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Қўшимча равишда 3 минг километрдан зиёд тармоқ ва мингдан ортиқ трансформаторда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

[gallery-27241]

Бироқ тажриба шуни кўрсатадики, рақамлар ва режаларнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳими ишлар ўз вақтида, сифатли ва тизимли бажарилиши. Чунки қиш фаслидаги ҳар бир узилиш фақат қулайлик йўқолиши эмас, балки инсон саломатлиги, болалар таълими, ишлаб чиқариш жараёнлари ва ижтимоий барқарорликка таҳдид демакдир.

Шу маънода, куз-қиш мавсумига тайёргарликни навбатдаги техник тадбир сифатида эмас, балки аҳоли турмуш сифатига бевосита дахлдор, жамоатчилик ишончи синови сифатида қабул қилиш талаб этилади. Ҳар бир хонадонда ёруғлик барқарор бўлиши бу фақат электр тизими муваффақияти эмас, балки давлатнинг одамлар олдидаги масъулиятининг амалий ифодасидир.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари