Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоққа сув келиб, ҳаёт тубдан ўзгарди
12:59 / 2026-02-04

Таъкидлаш жоизки, яқинда давлатимиз раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган, 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Президентимиз Қашқадарё вилояти Нишон туманида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб, тумандаги “Оқ олтин” маҳалласида насос орқали сув чиқарилиши натижасида 25 йил давомида томорқасида экин экиш имконияти бўлмаган 280 та хонадон бугунги кунда 50-60 миллион сўм атрофида даромад олаётганини қайд этди.

Шунингдек, бу ишни уддалай олган маҳалла аҳолиси эндиликда ички йўллар ҳолатини яхшилаш масаласини кўтаргани таъкидланди. Давлатимиз раҳбари масъулларга ушбу мақсадлар учун зудлик билан 1,5 миллиард сўм маблағ ажратиш бўйича топшириқ берди.

– Оқолтин маҳалласи таркибидаги беш қишлоқ орасида фақат Навур қишлоғида сув таъминоти мавжуд эмас эди. Бу муаммо йиллар давомида аҳолини жиддий қийнаб келган, – дейди Оқолтин маҳалласи раиси Дилшод Давлатов. – 2025 йилда Президентимиз эътибори билан мазкур муаммо тўлиқ бартараф этилди. Жумладан, Қарши магистрал каналидан 2 километр қувур тортилиб, насос ҳамда трансформаторлар давлат ҳисобидан ўрнатилди. Натижада аҳоли томорқадан илк бор барқарор даромад ола бошлади. Илгари меҳнат миграциясида бўлган 100 нафардан ортиқ фуқаро доимий яшаш жойига қайтиб келиб, меҳнат фаолиятига жалб этилди. Ҳозирда ҳар бир хонадон ўртача 45-50 миллион сўм атрофида даромад олмоқда. Шунингдек, 2026 йил учун ички йўлларни таъмирлаш мақсадида 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши қишлоқ аҳолиси кайфиятини янада кўтарди. Ушбу маблағ маҳалла ҳудудидаги ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилади. Қолаверса, аҳоли ташаббуси билан ўрнатилган қуёш панеллари орқали электр энергияси тежалмоқда ва қўшимча даромад манбалари яратилмоқда. Натижада қишлоқ қиёфаси Янги Ўзбекистон тараққиёт тамойилларига мос равишда изчил янгиланиб бормоқда.

Деҳқончилик кўпчилик учун одатий машғулот ҳисобланса, Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги Оқолтин маҳалласига қарашли Навур қишлоғи аҳолиси учун бу бир неча йил давомида деярли унутилган иш эди.

– Мен бу қишлоқда 38 йилдан бери яшайман. Шу пайтгача сув муаммоси биз учун катта қийинчилик келтирарди. 2025 йилда Президентимизнинг ва маҳаллий раҳбарларнинг саъй-ҳаракатлари орқали қишлоғимизга сув келтирилди, – дейди қишлоқ фуқароси Обид Давлатов. – Натижада олти сотих томорқамга картошка, помидор ва сабзи экиб, яхши даромад олдим. Фақат картошканинг ўзи бир тоннадан ортиқ ҳосил берди. Илгари қуриб кетган кўчатлар ҳам энди барқ уриб ўсмоқда. Аввал тирикчилигимиз асосан чорвачиликка боғлиқ эди, ҳозир эса томорқадан ҳам фойда кўряпмиз. Ўтган йили 30-40 миллион сўм даромад олдик, бу йил эса 60-70 миллион сўмга чиқишни режалаштиряпмиз. Сув келиб, қишлоққа ҳаёт кирди, одамларнинг ишончи ва иштиёқи ортди.

Қишлоқда узоқ йиллар давомида аҳоли томорқалари қақраган тиканзор ҳолатида қолган. Сув танқислиги сабабли кўчат ундира олмаган қишлоқ аҳолиси вақт ўтиши билан бу ҳолатга кўникиб яшашга мажбур бўлган.

Бироқ 2025 йилда аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланишини таъминлаш бўйича амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар натижасида қишлоқликлар илк бор томорқадан барқарор даромад ола бошлади.

Эътиборли жиҳати шундаки, қишлоқ ҳудудидан Қарши бош канали оқиб ўтишига қарамасдан, аҳоли ундан фойдаланиш имкониятига эга эмас эди. Сув чиқариш учун қувур тортиш катта маблағ талаб қилган.

– Умидда йиллар ўтди, аммо орзу ҳеч қачон сўнмади, – дейди қишлоқ аҳолиси.

– Мен 1954 йил Навур қишлоғида туғилганман. Илгари бу ерда шароит жуда оғир эди. Сув ҳам, мактаб ҳам йўқ эди, – дейди Панжи Холиёров. – 2025 йилдан бошлаб Президентимиз ташаббуси билан қишлоғимизда катта ўзгаришлар юз берди: мактаб қурилди, инфратузилма яхшиланди. Томорқаларимизга экин экиб, даромад олдик. 2026 йилда ички йўлларни таъмирлашга салмоқли маблағ ажратилаётгани қишлоқ аҳолиси учун катта қувонч бўлди. Маҳалла аҳолиси ушбу эътибор муносабати билан Президентимизга ҳамда соҳадаги мутасадди раҳбарларга ўз миннатдорчилигини изҳор этмоқда.

Қайд этиш лозимки, Оқолтин маҳалласида томорқачиликни ривожлантириш мақсадида ажратилган 3 миллиард сўм маблағ эвазига 1 дона насос ва 1,9 километр ёпиқ қувур ўтказилиб, 280 та хонадоннинг 99 гектар томорқа ер майдонлари сув билан таъминланди. Насосларни электр энергияси билан таъминлашда аҳоли ташаббуси асосида 150 кВт қуёш панели ўрнатилди. Бу аҳолининг томорқадан ҳар бир хонадон ўртача 50-60 миллион сўмгача даромад олишига замин яратди. Давлат раҳбари томонидан ҳам бу жараён эътироф этилди.

Айни пайтда аҳоли томорқалари жорий мавсумга тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилган. Бугун қишлоқ аҳолиси аввалги йилларга нисбатан янада катта режалар тузиб, янги орзулар сари қадам қўймоқда. Маълумотларга кўра, туман ҳудудида жами 27 минг 994 та хонадон аҳоли томорқалари билан қамраб олинган бўлиб, уларга ажратилган ер майдони 3 минг 428 гектарни ташкил этади. Ушбу томорқа ерлари аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаб, оилавий даромадларни ошириш ҳамда бандликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Навур қишлоғидаги сув муаммоси ҳал этилганидан сўнг томорқачилик фаолияти орқали аҳоли даромади бир неча бараварга ошди. Бу мисол давлат ва маҳаллий ҳокимиятнинг самарали ҳамкорлиги, шунингдек, аҳоли ташаббусини бирлаштириш орқали ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни кўрсатади. Сув ва инфратузилма етишмаслиги аҳоли миграциясига ҳам таъсир кўрсатган бўлса, ҳозир маҳаллаларда янги иш ўринлари ва даромад манбалари пайдо бўлди. Бу эса аҳолининг ишончи ва меҳнатга бўлган мотивациясини оширди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири