15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни
Ёш қизалоқлар мактаб давридаёқ шифокор бўлишни орзу қилганидек, Дилором Қурбонова ҳам шарафли касбни ёшлигидан танлаган бўлса ажаб эмас. Яна бир томондан отаси Султон аканинг шифокорлиги ҳам сабаб бўлгандир.
Отасининг кўп кунлари сафарларда ўтарди. “Тез ёрдам”да доим иш кўп. Дилором отасини кузатиб қўярди. Султон Қурбонов ўша даврда вилоят кўптармоқли тиббиёт марказида ишларди. Дилором опа ўрта мактабни битириб Тошкент тиббиёт институтига ўқишга кирди ва уни тамомлаб, етук мутахассис бўлди. 1983 йили унинг ҳаётида янги саҳифа очилди. У Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани марказий поликлиникасига йўлланма олди.
Туман марказий поликлиникасида акушер-гинеколог сифатида иш бошлаган Дилором тезда қишлоқ аёлларининг севимли шифокорига айланди. 2001 йили Дилором Қурбонова касб маҳоратини ошириш учун Эстония Республикасида бўлди. Мирзаободга тажрибаси ошиб, ғайрати жўшиб қайтди ва Оқолтин қишлоқ врачлик пункти умумий амалиёт шифокори бўлиб ишлай бошлади. Қишлоқ кишилари содда, шу билан бирга оқибатли бўлади. Ўзларига қайишган одамларни туғишганидай яхши кўриб қолишади. Тез орада унга “шифокор қизим”, “опажон”, “синглим” деб мурожаат этувчилар сафи кўпайди.
– Менинг асосий ишим кўпроқ оналар ва болалар саломатлиги билан боғлиқ. Болажонларнинг саломатлигига посбон бўлган шифокорни қишлоқ аҳли қариндошдай сийлайди, – дейди Д.Қурбонова. – Меҳнат қилган одам кун келиб юзага чиқар экан. 2013 йилда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг “Энг яхши умумий амалиёт шифокори” дипломи билан тақдирландим. 2019 йил эса Президентимиз Фармони билан Мустақиллигимизнинг 28 йиллик тўйида юксак мукофот “Дўстлик” ордени билан тақдирландим. Мен учун бундан ортиқ бахт йўқ. Чунки менга халқим, қолаверса Юртбошимиз ишонч билдирди. Бу ишончни оқлашдек вазифа мени доим изланишга чорлаб, мадад бериб туради.
Ҳамма даврларда ҳам одамлар шаҳарга интилади. Дилором Қурбонова эса шаҳарда яшаса-да, қишлоққа интилади. Чунки, у қишлоқ фарзанди. У нимага эришган бўлса шу қишлоқдан топди. Унга чин маънода “Қишлоқнинг шаҳарлик шифокори” дея мурожаат этишса кўнгли тоғдек кўтарилади.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири