Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм каналида «Чўмилиш ҳавзаларидаги сувларнинг саломатликка зарари йўқми?» мавзусидаги овозли чатнинг навбатдаги матн ҳамда видеоҳавола кўринишини тақдим этамиз.
— Қишлоқларда ҳам чўмилиш ҳавзалари қурилса бўлмайдими? Бу таклифни ким илгари суради, сизларнинг ваколатингизга кирадими?
— Буни ҳеч ким чегараламаган, барча ташкилотларнинг ваколати бор. Бу болаларнинг соғлиғи билан боғлиқ бўлгани учун кўпроқ маҳаллий ҳокимият, халқ таълими, спорт вазирлиги, ёшлар ишлари агентлигининг ваколатига киради. Биз шифокорлар ҳам таклиф киритамиз, лекин кўпинча шу тадбирлар амалга оширилаётганда хавфсизлик томонлари, санитария талабларига жавоб бериши, эпидемияга қарши чора-тадбирларни ташкил этилишига кўпроқ эътибор берамиз. Бундан ташқари, бу ташаббусни маҳалла фаоллари, оналар ҳам кўтариши мумкин. Аммо режани амалга ошириш учун бюджетдан пул ажратилиши зарур. Пул ажратилмаса, тадбиркорларга бассейн қуриб, фойдаланишига имконият берилади, — дейди, Санитария- эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бош мутахассиси Рауфжон Қосимов.
— Чўмилиш ҳавзаси, яъни кўл ёки анҳорларда чўкаётган одамга қандай ёрдам кўрсатиш зарур?
— Чўкиш нафас йўлига сув ва бошқа суюқликларни кириши билан кечадиган вазият. Агар сув ҳавзасида бирорта одамни чўкаётгани кузатиладиган бўлса, ҳаммаям биринчи ёрдамни бергиси келади. Чўкаётган одамга ёрдам бериш учун энг аввало унинг орқасидан келиш керак. Чунки чўкаётган одам ўзи билан ёрдамга келган одамни ҳам тортиб кетиши мумкин. Сочидан ушлаб туриб, қутқаришни бошлаш зарур. Сув ҳавзасидан чиққанидан кейин ушбу одамга биринчи ёрдам кўрсатилади. Агар жабрланувчининг юраги уриб турган, нафас олаётган бўлса, тезлик билан кийимларини ечиб, қуруқ сочиқ билан артинтириб қия жойга ётқизилади. Юраги уриб турсаю нафас олмаётган бўлса, зудлик билан унга сунъий нафас берилади. Буни ҳар бир фуқаро тиббиёт ходимларсиз бажариши мумкин, — дейди Болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими мудири Дилфуза Ҳикматова.

— Ёпиқ турдаги чўмилиш ҳавзаларидаги сувларнинг тозалиги неча кун давомида текширувдан ўтказилади?
— Ҳар бир ёпиқ турдаги сузиш ҳавзаларининг ўзида тиббиёт ходими мавжуд. Чўмилиш ҳавзасидаги сув деярли ҳар куни, ҳар соатда кимёвий реагентлар ёрдамида назорат қилинади. Махсус ранг кўрсаткичи орқали сувдаги сийдик, хлор миқдорини аниқлайди. Тиббиёт ходимлари ранг кўрсаткичига қараб туриб, бизни назоратимизсиз ҳам ўрганиш ишларини олиб боришади. Эпидемиология мутахассислари томонидан эса ҳар ойда лабораторияларга махсус идишларда сув олиб кетилиб, ўрганиш ишлари олиб борилади. Сувнинг кимёвий ҳолати, бактериологик ифлосланганлик жиҳатлари ўрганилади. Айниқса, кунлар исиган вақтда назорат жиддий эътиборга олинади,— дейди Дилфуза Ҳикматова.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OpIBDgWMAis" title="Чўкаётган одамга қандай ёрдам бериш керак?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Н. Раҳмонова, Н. Абдувоитов (видео), ЎзА