Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқларда электр таъминотида узилишлар кузатиляпти
15:09 / 2024-03-05

Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, электр таъминотидаги чекловлар асосан куннинг тиғиз вақтларида жорий қилинмоқда. Дейлик, 4 март кунги чеклов 800 МВтгача етказилган.

Бир кунлик ишлаб чиқариш ва таъминот таҳлилига кўра, 240,7 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган ва шундан 227,8 миллион киловатт соати истеъмолчига етказиб берилган. Туркманистон Республикасидан 19,8 миллион киловатт соат электр энергияси импорт қилинган. Табиий газ истеъмоли 147,1 миллион метр кубни ташкил этган.  

Бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев 4 март куни тизимда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.  

Унга кўра, вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишлаяпти.  

–Республика ҳудудлари бўйлаб қишнинг совуқ кунларида истеъмолнинг кўпайиши туфайли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда. Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 8 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик бартараф қилинди. Электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 492 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди. Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 292 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди, – деди у.  

Таъкидлаш керакки, қиш кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф қилиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган махсус бригадаларнинг 7 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходими туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни зудлик билан бартараф этмоқда.  

Н.Зиёдуллаева, ЎзА