Наманган вилоятининг чекка ҳудудларидан бири – Мингбулоқ тумани Алами маҳалласида жойлашган 56-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти Жаҳон банки дастури доирасида тубдан янгиланиб, капитал реконструкциядан чиқарилди.
Лойиҳани амалга ошириш учун 4,4 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Қурилиш ишлари “Бинокор имкон дизайн” масъулияти чекланган жамият томонидан қисқа фурсатларда ўз муддатида бажарилди.

Таъмирлаш жараёнида боғча биносининг ташқи ва ички қисми тўлиқ янгиланиб, замонавий меъёрларга мос таълим муҳити яратилди. Маскан мебель, техника ва болалар учун зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Замонавий ва кўркам қиёфа касб этган боғчанинг очилиши аламиликлар учун катта шодиёнага айланди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов мамлакатимизда марказдан олис ҳудудларда ҳам бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари изчил олиб борилаётгани, бунинг ёрқин мисоли чекка бир қишлоқ мисолида ўз ифодасини топаётганлигини таъкидлади.


Рамзий лента кесилиб, йиғилганлар янги мактабгача таълим ташкилоти биносида болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Дарҳақиқат, чекка маҳаллада барпо қилинган 180 ўринли болалар боғчасининг замонавий кўриниши ва имкониятлари барчада ҳавас уйғотиши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.