Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ ёшлари учун қулайлик
14:22 / 2021-11-09

Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Чўлигулистон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 12-сонли умумий ўрта таълим мактабининг спорт зали тўлиқ қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими вакиллари, меҳнат фахрийлари, қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллари, ўқитувчи ва ўқувчилар, спортсевар ёшлар иштирок этди.

– Бир мактабда спорт залининг очилиши эҳтимол унчалик ҳам катта шов-шув бўладиган воқеа эмасдир, – дейди Зафаробод туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ж.Суяров. – Аммо қишлоқ мактаби ва ушбу билим даргоҳида таълим олаётган ўқувчилар учун спорт залининг қанчалик муҳим аҳамият касб этишини айнан қишлоқ мактабида таълим олган кишигина тўлиқ англаб етиши мумкин. Бугун ана шу қишлоқ ўқувчиларининг кўзларидаги қувончни кўриб, бу спорт залида барча шароитлар яратиб берилгани ажойиб совға бўлганини яна бир карра ҳис қилдим.

Бир неча йилдан буён ушбу мактабнинг спорт зали жуда ачинарли ҳолатга келиб қолган эди. Бугун у тубдан қайта таъмирланиб, қисқа фурсатларда фойдаланишга топширилди. Энди ушбу таълим муассасаси спорт залида яратилган шарт-шароитлар шаҳар мактабларидан асло қолишмайди. Залнинг ўзида амалга оширилган таъмирлаш ишларидан ташқари, қиз ва ўғил болалар учун алоҳида ечиниш-ювиниш хоналари, мураббийлар хонаси, спорт жиҳозлари сақланадиган кичик омборда ҳам барча қулайликлар яратилган ва спорт жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган.

Спорт залининг очилиши муносабати билан миллий кураш бўйича қиз ва ўғил болалар ўртасида беллашувлар ташкил этилди. Шунингдек, мактабнинг ёнида жойлашган, мактаб ўқувчилари бепул фойдаланиши учун шу қишлоқ тадбиркори томонидан барпо этилган сунъий майдонда мини-футбол мусобақалари ташкил этилди.

Ҳар икки спорт тури бўйича совриндор, турли номинацияларда ғолиб бўлганларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

[gallery-4589]

А.Қаюмов,

Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА