Сирдарё вилояти Оқолтин туманида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва боғдорчилик йўналишларида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари иш фаолияти муҳокама қилинди.
Йиғилишда соҳадаги мавжуд ҳолат, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳамда ривожланиш имкониятлари атрофлича таҳлил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Аброр Хидиров, туман ҳокими Хусниддин Сувонов, шунингдек, соҳага алоқадор ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилиш давомида фермер хўжаликлари фаолияти солиқ, мажбурий ижро бюроси, статистика, банклар, қишлоқ хўжалиги ва кадастр хизматлари мутахассислари томонидан ўрганилгани қайд этилди. Ҳар бир йўналиш кесимида ишлаб чиқариш самарадорлиги, молиявий ҳисоботлар, иш ўринлари ҳамда қонунчилик талабларига риоя этиш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, айрим балиқчилик хўжаликларида ҳисоб-китоблар ва расмий ҳисоботлар ўртасида тафовутлар мавжудлиги, ишчи-ходимлар бандлигини таъминлаш ҳамда солиқ интизомига риоя этиш бўйича камчиликлар борлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш салоҳияти юқори экани, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги даромад манбаларини яратиш мумкинлиги қайд этилди.
Йиғилишда фермер хўжаликларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, ҳисоботларни қонунчилик талаблари асосида юритиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва соҳани янада ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА