French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалигининг истиқболи муҳокама қилинди
11:50 / 2026-02-13

Сирдарё вилоятида аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий технологияларни жорий этиш ва фермерликни ривожлантириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида ишчи ташрифи билан вилоятга келган Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов аграр соҳадаги ислоҳотлар, замонавий технологияларни жорий этиш ва фермерликни ривожлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратди.

Вазир дастлаб "Ping Sheng Agro Tech" кластерига қарашли “Lesso” МЧЖ қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ерда сув тежовчи технологиялар учун шланглар, қувурлар, техник ускуналар ва трансформаторлар ишлаб чиқарилади. Корхонанинг йиллик қуввати 20 минг гектар майдон учун етарли маҳсулот тайёрлаш имконини беради, ҳозирда эса 6 минг гектар майдон учун зарур маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Вазир маҳаллий технологияларни ишлаб чиқариш фермерларнинг харажатларини қисқартириш, замонавий суғориш тизимларини кенг жорий этиш ва ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, фермер хўжаликлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор агротехнологияларни амалий татбиқ этиш масалаларига эътибор қаратди.

Иш сафари давомида пахта етиштиришда замонавий усуллар, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу лойиҳалар аграр соҳада технологиялар улушини кенгайтириш ва фермерлар самарадорлигини ошириш имконини беради.

Вазир шунингдек Боёвут туманидаги Агрохизматлар кўрсатиш маркази (AKIS) Сирдарё филиалида амалий семинарда иштирок этди. Семинарда Пахтачилик кенгаши аъзолари, вилоят ва туман қишлоқ хўжалиги раҳбарлари, тизим ташкилотлари, илмий-тадқиқот институтлари ва фермер хўжаликлари видеоконференсия орқали фаол қатнашди.

Семинарда пахта ва ғалла етиштиришда диверсификация, “Шинжон” усулининг самарадорлиги, уруғчиликдаги янгиликлар ва илғор экиш технологиялари тақдим этилди. Шунингдек, картошкачилик, юқори ҳосилдор навлар ва илмий агротехник ёндашувлар масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек, “Jivamrid” ва “Bokashi” агротехнологиялари, суяк кукунидан органик ўғит тайёрлаш ва сув устида шоли етиштириш технологиялари ҳам муҳокама қилинди. Бу усуллар фермерлар даромадини ошириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини яхшилашга хизмат қилади.

Семинар якунида фермерлар мурожаатлари тингланди, айрим масалалар юзасидан масъулларга топшириқлар берилди ва ҳуқуқий тушунтиришлар тақдим этилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири