Ерга ишлов бериш, экин экиш, парваришлаш ва йиғим-терим ўз вақтида сифатли амалга оширилиши бугун кўп оғир қўл меҳнатини талаб қилмайди. Боиси жараёнлар тўлиқ механизация қилиниши учун кенг имкониятлар даврида яшаяпмиз.
Албатта буларнинг тизимли амалга оширилиши учун аввало илм ҳамда салоҳият муҳим. Бу борада йўлга қўйилган лизинг механизмлари қишлоқ хўжалигини модернизация қилишда қай даражада самарали молиявий восита сифатида ўзини оқламоқда? Шулар хусусида Ўзбекистон фермерлари кенгаши “Фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларига ресурс ажратиш” бўлими етакчи мутахассиси Фазлиддин ҲАМРОЕВнинг фикрларига қизиқдик.
– Юртимизда лизинг амалиёти орқали фермерлар катта бошланғич маблағ сарфламасдан замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, иссиқхона мажмуалари ҳамда энергия тежовчи технологияларга эга бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнларини босқичма-босқич янгилаш имкониятига эришмоқда. Натижада ерга ишлов бериш, экиш, парвариш ва йиғим-терим ишлари ўз вақтида, сифатли ва тизимли равишда амалга оширилиб, оғир қўл меҳнати кескин камаймоқда ва иш жараёнлари тўлиқ механизация қилинмоқда. Бу эса меҳнат унумдорлиги ошиши, маҳсулот таннархи пасайиши ҳамда ҳосилдорлик ва сифат кўрсаткичларининг яхшиланишига хизмат қилади. Шу билан бирга, иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш жараёни узлуксиз йўлга қўйилиб, мавсумга боғлиқлик камаймоқда, бозор маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминланмоқда.
Энг муҳими, лизинг орқали жорий этилган ушбу замонавий ёндашувлар фермерлар даромадини ошириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини кучайтириш ҳамда қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
2025 йилда лизинг асосида амалга оширилган лойиҳалар қишлоқ хўжалиги соҳасида муҳим иқтисодий ва ижтимоий самара берди. Хусусан, 3 та комплект, яъни ҳар бири 300 кВтлик қуёш панеллари ўрнатилиб, 9 та замонавий иссиқхона ҳамда 1 дона қишлоқ хўжалиги техникаси учун жами 3 миллиард 684 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу лизинг лойиҳалари натижасида иссиқхоналар электр энергияси билан барқарор таъминланиб, қуёш панеллари орқали ишлаб чиқариш харажатлари қисқармоқда. Бу эса фермерлар учун таннархни камайтириш, рақобатбардош маҳсулот етиштириш имконини яратмоқда. Иссиқхоналарда йил давомида сабзавот ва кўкат маҳсулотлари етиштирилиб, ўртача ҳар бир иссиқхонадан йилига 20-25 тоннагача ҳосил олиш имконияти яратилмоқда. Мазкур маҳсулотлар ички бозордаги талабни қондириш билан бирга, экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Қишлоқ хўжалиги техникаси эса ерга ишлов бериш, экиш ва парвариш ишларини тўлиқ механизация қилиб, иш сифатини яхшилаш ва меҳнат унумдорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, лизинг объектларига қишлоқ хўжалиги техникаси, асбоб-ускуналар, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва қуритиш, совитиш омборхоналари, ишлаб чиқариш бино-иншоотлари, иссиқхона мажмуалари қуриш ва тайёр иссиқхоналарни ташкил этиш учун имкониятлар тақдим этилмоқда. Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, омихта ем тайёрлаш, сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, томат паста ишлаб чиқариш, минерал ўғитлар тайёрлаш ҳамда ўсимликларга кимёвий ишлов беришда ҳам кўмаклашилмоқда. Бундан ташқари, қадоқлаш ва саралаш ускуналари билан таъминлаш, чорвачилик комплекслари барпо этиш, қишлоқ хўжалиги мақсадларида қуёш панеллари ҳамда артезиан қудуқларни бурғиловчи техникалар каби кенг қамровли йўналишларга эътибор қаратилади.
Лизинглар бир йил имтиёзли давр билан беш йилгача муддатга тақдим этилиши тадбиркорлар ва фермерларга ўз фаолиятини босқичма-босқич ривожлантириш имконини беради. Натижада аҳолининг бандлиги таъминланиб, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратилмоқда, фермерлар даромади ортиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига мустаҳкам замин яратилмоқда.
ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.