Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришнинг қонуний механизми белгиланмоқда
09:44 / 2021-10-13

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер муносабатлари соҳасида қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида ерни бозор активига айлантириш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш бўйича ишларни жадаллаштириш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини, юридик шахсларга эса уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бино ва иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини, шунингдек уларга туташ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи берилди.

Мазкур Фармон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида урбанизацияни тартибга солишни таъминлаш бўйича “Йўл харита”сида Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш вазифаси белгиланди.

Натижада 2019 йил 13 августда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Эътиборли томони, ушбу Қонун 2020 йил 1 февралга қадар Сирдарё вилоятида ҳуқуқий эксперимент ўтказилиши сабабли 2020 йил 1 мартдан кучга кирди. Шу тариқа Қонундаги тартиб-таомил ва унинг алоҳида механизмлари самарадорлигини ҳамда жалб этилган ваколатли органлар ваколатлари уларга юкланган вазифаларга мувофиқлигини аниқланди.

Қабул қилинган Қонуннинг муҳим жиҳати шундаки, унда хусусийлаштириш субъектлари, объектлари, шунингдек хусусийлаштирилган ерларни олиб қўйиш тартиби мустаҳкамлаб қўйилди.

Одатда ҳар қандай қонун ҳужжатига ўзгартириш киритиш зарурати жамият ҳаётида дуч келинаётган муаммо ёки тўсиқ натижасида вужудга келади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ер билан боғлиқ муносабатлар мураккаб бўлгани ва доимий ўзгарувчанлиги боис, бу соҳадаги қонунчилик ҳам такомиллаштирилишни талаб этади.

Жумладан, жорий йилнинг 3 июнь куни Президент раислигидаги ер муносабатларини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда соҳада амалга оширилган ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда, қатор камчиликлар ҳам санаб ўтилди. Давлатимиз раҳбари кун тартибидаги ушбу соҳада қонун устуворлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ўз ижобий натижасини топмаётганлиги ҳамда ерга бўлган муносабатни мутлақо ўзгартириш кераклигини алоҳида таъкидлади.

2021 йил 8 июндаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4263-сонли Фармони бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур Фармон билан ҳокимиятлар ерларни тўғридан-тўғри ажратиш, захиралаш, ободонлаштиришга ажратиш ва бошқа ваколатларидан маҳрум этилиши, шунингдек, ерга бўлган ҳуқуқларнинг турлари 6 та дан 3 та гача қисқартириш, ер участкалари хусусий секторга мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат ташкилотларига эса доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш мақсадида янги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ишлаб чиқилди.

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида маъқулланган ушбу Қонун билан қатор янги механизмлар жорий этилмоқда. Хусусан, мазкур ҳужжат билан бўш турган ер участкаларини, давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби, ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича электрон онлайн-аукционда иштирок этишга доир буюртма, хусусийлаштириладиган ер участкасининг қийматига доир нормалар мустаҳкамланди.

Шунингдек, хусусийлаштириш субъектларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштиришнинг аниқ тартиби ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, хусусийлаштирилган ер участкаларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди. Хусусан, эндиликда ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат бўлиб, у хусусийлаштириладиган ер участкасининг қийматини тўлаш тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилганидан кейин бир иш куни ичида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилади.

Қисқа қилиб айтганда, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши ер бозорининг шаклланиши ва ривожланишига, кўчмас мулк бозорининг жадал ўсишига ҳамда соҳада қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Рустамбек Сайидов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти бош илмий ходими