Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришнинг янги тизими ташкил этилади
11:42 / 2025-05-29

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришни янги тизим доирасида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, юридик шахс бўлмаган ҳолда Лойиҳа офиси ташкил этилади. Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ҳамда лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш шартлари бўйича Лойиҳа офиси раҳбари - Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бўлим бошлиғига, мутахассис ходимлари - вазирликнинг тегишли мутахассисларига тенглаштирилади. 

Қуйидагилар Лойиҳа офисининг асосий вазифалари этиб белгиланади: 

“Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси” масъулияти чекланган жамиятлари фаолиятини мувофиқлаштириш; 

тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда янги тизим самарадорлигини таҳлил қилиб бориш; 

давлат дастурлари доирасида ажратилиши белгиланган имтиёзли кредитлардан фойдаланишда ижарачиларга ҳар томонлама кўмаклашиш; 

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини сотишдан давлатда тушган маблағлар ҳисобини юритиш ва уларнинг белгиланган тартибда мақсадли сарфланишини таъминлаш; 

заруратга кўра 2025 йилнинг кузги экиш мавсуми ва ундан кейинги даврларда бошқа ҳудудларда янги тизим жорий этиладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари рўйхатини шакллантириш;

хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш; 

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион савдода сотишдан тушган маблағлардан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Лойиҳа офиси тўғрисидаги низомда белгиланадиган мақсадларда фойдаланиш; 

ер ислоҳотларини давом эттириш, ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, хусусан, соҳада инновацияларни жорий қилиш мақсадида хорижий экспертларни жалб қилиш. 

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах, Наманган, Тошкент, Фарғона, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари муассислигида ташкил этиладиган “Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси” масъулияти чекланган жамиятининг намунавий тузилмаси тасдиқланди. 

2025 йил 10 июнга қадар “Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси” масъулияти чекланган жамиятлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.  

Қарор билан 2025 йил 15 июнга қадар Лойиҳа офиси томонидан ишлаб чиқилган намунавий низом асосида Дирекциялар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

ЎзА