English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар самара бермоқда
17:01 / 2025-11-05

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгича ёндашувлар фермер хўжаликларининг фаолиятига бевосита таъсир қилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030-йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ушбу соҳада узоқ муддатли ривожланиш йўналишларини белгилаб берди.  

Мазкур ҳужжатда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш каби устувор вазифалар белгиланган. Стратегия доирасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқий, иқтисодий ҳамда техник имкониятларини кенгайтириш орқали уларнинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган.

Хоразм вилоятида жорий йилда деярли барча фермер хўжаликлари пахтадан юқори ҳосил олишга эришди. Вилоят бўйича ўртача ҳосилдорлик гектарига 45–48 центнерни ташкил этган бўлса, айрим хўжаликларда бу кўрсаткич анча юқори бўлди.

Шулардан бири — Боғот туманидаги «Аҳмаджон Оллаёров» фермер хўжалигидир. Мазкур фермер хўжалиги 2007 йилда ташкил этилган. Йиллар давомида тўпланган тажриба, мамлакатимиздаги соҳага бўлган эътибор, илмий-инновацион ёндашувлар ҳамда замонавий технологияларнинг жорий этилиши натижасида хўжалик барқарор ривожланиш босқичига кўтарилди.

Ҳозирда фермер хўжалигимиз 100 гектардан ортиқ ер майдонида деҳқончилик билан шуғулланиб, йил сайин ғалла ва пахтадан юқори ҳосилдорликка эришиб келмоқда. 2024 йилда пахтадан гектарига 54 центнер ҳосил олинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 70 центнердан ошиб, 49 гектар пахта майдонидан жами 295 тонна ҳосил йиғиб олинди.

– Ҳақиқатан, жорий йил нафақат биз, балки бошқа фермерларнинг ҳам пахтачиликдан кўнгли тўлди, – дейди фермер Сарвар Оллаёров. – Харажатлар бир неча баробар қопланди. Биз янги технологияларни жорий этмоқдамиз, давлатимиз томонидан субсидия ва имтиёзлар яратиляпти. Жаҳон бозорида тола нархи тушган пайтда ҳам давлатимиз раҳбари тоннасига бир миллион сўмдан субсидия ажратиб, охирги мисқол пахтани ҳам териб топшириш имконини берди. Хўжалигимизда пахта ва ғалладан уруғ тайёрлаймиз. Мақсадимиз  фермерларга арзон ва сифатли уруғ етказиб беришдир.  

Фермер хўжалиги бугунги кунда иқтисодий жиҳатдан бақувват хўжаликлардан бири ҳисобланади. Техника парки замонавий ҳайдов тракторлари, Замонавий сеялкалар, дон ўриб-йиғиш ва пахта териш комбайнлари, эксковатор ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги агрегатлари билан жиҳозланган. Жами 36 та техника мавжуд. Хўжаликда 100 нафар ишчи меҳнат қилса, уларнинг 30 нафари доимий ходимлардир.

Ўтган йили хўжалик Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий пахта териш машинасини лизинг асосида сотиб олди. Бу эса терим мавсумида иш самарадорлигини ошириб, қўл меҳнатига кетадиган маблағларни сезиларли даражада тежаш имконини берди.

Хўжалик хориж уруғлари билан рақобатлаша оладиган маҳаллий уруғ етиштириш мақсадида бу йил 45 тонна уруғлик чигит тайёрлашни режалаштирган.  

Дала атрофлари бегона ўтлардан тозаланган, дарахт кўчатлари экилиб, оқланган. Ҳудуддан оқиб ўтувчи зовур сувидан самарали фойдаланиб, 200–300 та ўрдак боқилади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва қишлоқ аҳолисининг даромадини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади.

Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА