Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалигидаги эскича тартиблар бекор қилинади, кластерларга енгиллик берилади
18:19 / 2021-10-27

Давлатимиз раҳбари айни пайтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида кластерлар томонидан хомашёни чуқур қайта ишлаб, қўшилган қиймат яратиш орқали қишлоқ хўжалигида самарадорликни кескин ошириш бўйича вазифаларни белгилаб бермоқда.

Сайловолди учрашувларида жойлардаги фермер ва деҳқонлар ҳамда кластер раҳбарлари ўзларни қийнаб келаётган кўплаб долзарб муаммоларни кўтаргани таъкидланди. Шунингдек, кластер раҳбарлари ва фермерлардан ёзма равишда кўплаб таклифлар келиб тушган.

Кўтарилган масалалар бўйича энг долзарб 30 дан зиёд муаммо тизимлаштирилиб, уларнинг ечимлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Йиғилишда ушбу таклифлар муҳокама қилинмоқда.

Президент энг асосий муаммо – амалдаги эскича молиялаштириш тартиби айни пайтда кластер тизимини ривожлантириш бўйича қўйилган талабларга мутлақо жавоб бермаётганини қайд этди.

Масалан, ҳозир кластерларга кредит 11 ой муддатга ажратилади. Пахта хомашёсини етиштириб, уни қайта ишлашга эса камида 24 ой керак. Ерни экишга тайёрлаш ишлари октябрда бошланса-да, кредит 3-4 ой кечиктирилиб, январь-февраль ойларидан ажратилади.

Президент бу эскирган тизим тўлиқ ўзгартирилишини маълум қилди. Унга кўра, агротехник тадбирлардан келиб чиқиб, пахта ҳосилини молиялаштириш шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади.

Бундан буён кластерларга кредитлар 24 ой муддатга ажратилиб, унинг имтиёзли даври амалдаги 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади.

Пахта етиштириш учун имтиёзли кредитлар фақат кластерлар орқали молиялаштирилади.

Энди Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан ажратиладиган маблағ ҳосил етиштиришнинг амалдаги 60 фоизидан 80 фоизигача оширилади.

Шунингдек, якуний ҳисоб-китоб учун, кластер оладиган кредит фоизининг Марказий банк ставкасидан ошадиган қисмига бюджетдан компенсация ажратилади. Лўнда қилиб айтганда, кластер олган кредитини, хомашёни энг камида ип-калава ва матога айлантиргандан кейин қайтаради.

Давлатимиз раҳбари бу тизимни жорий этишга бюджетдан 10 триллион сўм йўналтирилишини таъкидлади. Шунинг учун, Қишлоқ хўжалиги жамғармасига йил якунига қадар қўшимча 100 миллион доллар ажратилади.

ЎзА