Муносабат
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида янги ерларни ўзлаштириш ва соҳада илм-фанни ривожлантиришга қаратилган муҳим таклифлар тақдимоти билан танишди. Ушбу йиғилиш мамлакат қишлоқ хўжалигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, сўнгги беш йилда амалга оширилган ирригация ва мелиорация тадбирлари натижасида 826,5 минг гектар ер қишлоқ хўжалиги фойдаланишига киритилган. Шу жумладан, 409 минг гектар суғориладиган ерлар ўзлаштирилган бўлса, 418 минг гектар лалми ва яйлов ерларда ер ости сувларидан фойдаланиш ҳамда кам сув талаб қиладиган экинларни жойлаштириш орқали самарали фойдаланишга эришилди.
Бу кўрсаткичлар қишлоқ аҳолиси учун энг аввало иш ўринлари, барқарор даромад манбаи ва ҳаёт сифатининг яхшиланиши демакдир. Сабаби, ер ўзлаштирилган ҳудудларда фермер хўжаликлари, деҳқонлар ва чорвадорлар учун янги имкониятлар яратилмоқда.
Шу билан бирга, тақдимотда 2030 йилгача 938 минг гектар яйловларни ўзлаштириш ва ҳолатини яхшилаш режалари тақдим этилди. Биргина, 2026–2027 йилларда 620 минг гектар яйловларни тиклаш, шунинг 300 минг гектарида яйлов ўсимликлари экиш ва 130 минг гектарида қудуқлар ўрнатиш режаси чорвачилик соҳасида катта салоҳиятни очиб беради.
Бунинг натижасида 960 минг бош майда шохли мол боқиш имконияти яратилиб, гўшт ва жун ишлаб чиқариш ҳажми ошади. Бу эса бозорларда маҳсулот нархининг барқарорлашуви, аҳолининг сифатли озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда қишлоқ жойларда даромад манбаларини кўпайтиришга хизмат қилади.
Президент томонидан янги ерларни ўзлаштиришда ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ инвестор ва лойиҳа асосида иш ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. Бу талаб маблағларни мақсадли йўналтириш, самарадорлик ва натижадорликни оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, йиғилишда қишлоқ хўжалигида илм-фанни янги босқичга олиб чиқиш вақти келгани алоҳида таъкидланди. Шу мақсадда соҳадаги 22 та илмий марказ, 260 та лаборатория ва 2,5 мингдан ортиқ олим ҳамда илмий ходимларни ягона тузилма – Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясига бирлаштириш таклифи илгари сурилди.
Бу қарор илм-фан салоҳиятини марказлаштириш, илмий ишланмаларни амалиётга тез жорий этиш ва фермерлар учун амалий натижа берувчи технологияларни ишлаб чиқишга хизмат қилади. Академия фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида биотехнология, ген инженерияси, гибрид уруғчилик, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, дрон ва космик технологиялар, тупроқ соғломлиги, органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги белгилангани бу соҳанинг келажаги инновациялар билан боғлиқ эканини кўрсатади. Умуман олганда юқоридаги ислоҳотлар сабаб кам харажат билан юқори ҳосил, сифатли маҳсулот олиш, сув ва ер ресурсларининг тежалиши ҳамда экологик тоза озиқ-овқат етиштиришга эришиш мумкин.
Тақдимотдаги энг муҳим ва барча юрдошларимиз кўнглидан бирдек жой олган яна бир ташаббус бу – фермерлар фарзандлари учун олий таълимга ўқишга киришда енгилликлар яратилиб, ўқиш муддатининг қисқартирилиши бўлди. Ушбу ташаббус қишлоқ жойларда фермерлик соҳасига қизиққан минглаб ёшлар учун кенг имконият эшикларини очиб беради.
Қолаверса, йиғилишда кўриб чиқилган масалалар “Адолат” СДП Сайловолди дастуридаги ташаббусларга ҳамоҳанглиги билан ҳам янада аҳамиятлидир. Партиянинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган дастурида қишлоқ хўжалигини жадал инновацион ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини илмий асосда ташкил этиш, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги улкан имкониятларини рўёбга чиқариш ҳамда камбағаллик муаммоларини ҳал этишда ижобий натижалар бериши белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, йиғилишда муҳокама қилинган масалалар қишлоқ хўжалигини комплекс ривожлантириш, ер ва илм-фан уйғунлиги, инсон манфаатларини устувор қўйишга қаратилгани билан долзарб аҳамият касб этади. Илгари сурилган ташаббуслар фермер, чорвадор, талаба ва оддий қишлоқ аҳолиси ҳаётида ижобий ўзгаришларга замин яратиб, барқарор ривожланишнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси.
ЎзА