Аҳоли томорқалари мамлакат иқтисодиётида муҳим экспорт драйверига айланмоқда. 2025 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган бўлиб, шундан 2,5 миллиард долларини мева-сабзавот маҳсулотлари, 1 миллиард долларини эса бошқа озиқ-овқат турлари ташкил этади. Шунинг катта қисми — 500 миллион долларлик экспорт аҳоли томорқалари ҳиссасига тўғри келиши кутилмоқда.
Бу мақсадда юртимизда қатор ташкилий ва амалий чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида 4 минг 145 та маҳалла маълум турдаги мева ёки сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилди. Ҳар бир маҳаллага Карантин агентлиги инспекторлари бириктирилиб, аҳолига экспортбоп маҳсулот етиштириш бўйича тавсия ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, марказий ва ҳудудий экспорт штаблари ташкил этилди, хорижий тилларни ўзлаштирган 67 нафар ёшлар экспорт соҳаси бўйича тайёрланди. Томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни сақлаш учун кичик уй музлатгичлари қурилмоқда. Масалан, Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Эсобой маҳалласида 610 та хонадоннинг 124 гектар томорқасидан уч маротаба ҳосил олиниб, аҳоли 20 миллиард сўмдан зиёд даромад кўрган. Бу ерда 300 тоннали музлатгичлар ўрнатилиб, яна 4 000 тоннали янги музлатгич қурилиши бошланган.
Республика бўйича 8 минг 272 та маҳалла кесимида томорқаларда етиштириладиган маҳсулотлар ҳажми ва экспорти бўйича прогноз кўрсаткичлар ишлаб чиқилган. Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда мамлакат бўйлаб 5 миллион тонна сабзавот, 682 минг тонна полиз, 1,7 миллион тонна картошка ва 488 минг тонна мева етиштирилиши кутилмоқда.
“Карантин хизмати — деҳқонга кўмакчи” тамойили асосида маҳаллаларда ўсимликлар клиникалари ва биолабораториялар фаолият юритмоқда. Улар ёрдамида 427 та хонадонда мавсумий биолабораториялар, 248 та хизмат кўрсатувчи отрядлар ташкил этилди. Шу билан бирга, уста деҳқонлар ихтисослашуви паст бўлган маҳаллаларга бириктирилиб, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш тизими йўлга қўйилди.
2025 йилнинг январь–август ойларида аҳоли томорқаларида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 368,5 миллион долларга етди. Энг юқори кўрсаткичлар Фарғона вилоятида (100,4 млн. доллар), Тошкент вилоятида (65 млн), Сурхондарё (54,8 млн) ва Самарқанд вилоятида (50,8 млн.) қайд этилди.
Туманлар кесимида эса Олтиариқ (61,4 млн. доллар), Самарқанд тумани (38,9 млн.), Денов (21,4 млн.) ва Тошкент тумани (31,4 млн.) етакчи бўлди. Шу билан бирга, Риштон тумани Зоҳидон маҳалласи 803,2 минг долларлик полиз маҳсулотларини, Ангор тумани Баҳор маҳалласи 357,4 минг долларлик карам ва сабзавотларни, Чиноз тумани Бирлик маҳалласи эса 267,1 минг долларлик полиз маҳсулотларини экспорт қилди.
Асосий экспорт бозорлари сифатида Россия (257,3 млн. доллар), Қозоғистон (55,7 млн.), Қирғизистон (22,1 млн.), Ироқ (7,1 млн.), Беларусь (7,8 млн.), Латвия (2,8 млн.) ва Грузия (2,1 млн. доллар) қайд этилган.
Жами 19 турдаги маҳсулот экспорт қилинган бўлиб, улар орасида пиёз (254,8 минг тонна – 70,7 млн. доллар), гилос (31,5 минг тонна – 69 млн.), узум (89,5 минг тонна – 81,7 млн.), ўрик (53,4 минг тонна – 40,2 млн.), оқ карам (111,3 минг тонна – 36,5 млн.) каби маҳсулотлар етакчилик қилмоқда.
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги Туёкли маҳалласи тажрибаси шунга яққол мисол бўла олади. Бу ердаги 620 та хонадоннинг 439 тасида жами 16,4 гектар ер майдонида қурилган иссиқхоналарда бир мавсумда тўрт маротаба ҳосил етиштирилаётгани натижасида 50 тонна карам, 80 тонна пиёз ва саримсоқ пиёз Россия ҳамда Қозоғистонга экспорт қилинган. Натижада, ҳар бир оиланинг йиллик даромади ўртача 115–120 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Аҳоли томорқалари орқали амалга оширилаётган бу жараён нафақат экспорт ҳажмини ошириш, балки қишлоқ аҳолисининг даромадини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳамроз Баянов, ЎзА