Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси тўғрисидаги низом;
Мустақил экспертлар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;
Суғурта қилиш босқичма-босқич жорий этиладиган қишлоқ хўжалиги йўналишлари ва маҳсулотлари рўйхати;
Етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йўқотилиши (нобуд бўлиши) хавфлари бўйича суғурта қилиш босқичлари;
“Қишлоқ хўжалиги суғуртаси” ахборот тизимига интеграция қилинадиган ахборот тизимлари рўйхати;
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармасининг бошқарув кенгаши таркиби тасдиқланди.
Қарорга кўра, Жамғарма томонидан суғурталанган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қишлоқ хўжалиги экинларининг касалликлари ва зараркунандаларига қарши тизимли кураш олиб борилади, шунингдек, фавқулодда вазиятларда ҳосилни сақлаб қолишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни кўрилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан мақсадли фойдаланиш ҳамда ўз вақтида сифатли экиш ва парваришлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан доимий назорат ҳамда мониторинг ишлари олиб борилади.
Ветеринария соҳаси ҳамда чорвачиликнинг барча тармоқлари, шу жумладан, қорамолчилик, қўйчилик, қоракўлчилик, эчкичилик, йилқичилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва қуёнчилик йўналишларида ҳайвонларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш чоралари кўрилади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёнлари сунъий йўлдош ва учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) ёрдамида космик мониторинг қилиб борилади.
Маълумот ўрнида, олдинроқ Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш механизмини самарали ташкил этиш тўғрисида” 2025 йил 21 ноябрдаги ПФ-223-сон Фармонига кўра:
қишлоқ хўжалиги суғуртасини бошқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларини турли таваккалчиликлардан ҳимоя қилиш ва зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қишлоқ хўжалиги суғурталовчиси сифатида Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси ташкил этиш;
Жамғарма суғурталовчи вазифасини ушбу Қонунда белгиланган тартибда лицензиясиз амалга ошириши, бунда ушбу қоида Жамғармани суғурта (қайта суғурта) фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартларини бажаришдан озод этмаслик;
Жамғарма нотижорат ташкилоти бўлиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган низомга асосан фаолият кўрсатиши;
Жамғарманинг юқори бошқарув органи Жамғарманинг бошқарув кенгаши ҳисобланиб, унинг фаолиятига умумий раҳбарлик қилиши белгиланган эди.
ЎзА