Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалигида сув тежамгорлиги ўз самарасини бермоқда
16:35 / 2024-12-12

Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, янги технологияларни жорий этишга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Вилоятдаги 367 минг гектар суғориладиган майдонларни йиллик сув истеъмол ҳажми 3,9 миллиард м кубни ташкил қилади. Бу йил 2249 километр ички суғориш тармоқлари, 40,6 километр каналлар бетонлаштирилди, 41,5 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Сув хўжалиги объектларига 1548 дона “Ақлли сув”, 424 дона “Дайвер” қурилмалари ўрнатилди, 6 та йирик сув хўжалиги объекти автоматлаштирилди. 

Республика бюджетидан ажратилган 17 миллиард сўм маблағ доирасида 15 километр узунликдаги “Хонобод ветка” туманлараро канали бетонлаштирилди. Ўтган асрнинг эллик учинчи йилларида қуриб ишга туширилган канал Ёзёвон, Қўштепа ва Тошлоқ туманларидаги 8,5 минг гектар экин майдонларини суғоришга хизмат қилади. Канални мавсумий сув олиш имконияти 6-8 метр куб бўлиб, сувдан фойдаланиш даврида ўртача 1,5-2 метр куб, яъни 30-35 фоиз сув йўқотилган. Канални бетонлаштириш натижасида 15,5 миллион метр куб сув иқтисод қилиниб, қўшимча 2,5 минг гектар ер майдонларини сув билан таъминлаш имконияти яратилди, сув оқими тезлиги 5 баробарга ошди. 

– Президентимизнинг жорий йил 7 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселекторда олдимизда турган муҳим масалалар, муаммо ва уларнинг ечимларига алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини кўрсатиб берди, – дейди “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зуҳриддин Орифжонов. –Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш иккинчи босқич лойиҳаси доирасида жорий йилда 2 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиб, Қувасой шаҳри ҳамда Фарғона туманида хўжаликлараро 4 та каналларнинг 25,6 километр қисми бетонлаштирилди.

Натижада 38 миллион метр куб сув иқтисод қилиниб, 8,2 минг гектар ер майдонларини сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, 1420 км ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш борасида амалий ишлар олиб бориляпти. Бунинг ҳисобига 134 миллион метр куб сув иқтисод қилинади, 43 минг гектар майдонни сув таъминоти яхшиланади. Фермер хўжаликларини ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш бўйича барча туманларда штаб ташкил қилиниб, керакли ишчи кучи, техникалар билан таъминланди. Охирги икки йилда ерларни лазерли текислаш ишларига катта эътибор қаратилиб, фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан 61 та лазерли ер текислагичлар сотиб олинди, келгуси йилда яна 110 та ана шундай замонавий техникалар олиб келиш режалаштирилган. 

Жойларда “Сув етказиб бериш хизматлари” давлат муассасалари ташкил қилинди. Натижада сувни аниқ ҳисобини юритиш, истеъмолчиларга белгиланган лимитлар асосида ўз вақтида етказиб бериш тартиби йўлга қўйилди. 

М.Сулаймонов, ЎзА