Бугунги кунда Қува туманида жойлашган “Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази” мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ва илмий-амалий фаолиятни кенгайтиришда энг илғор марказлардан бирига айланди.
Марказ Академик М.Мирзаев номидаги илмий-тадқиқот институтининг Фарғона станциясидаги 395 гектар ер майдонида фаолият юритмоқда. Ушбу марказни ривожлантириш учун Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ҳузуридаги Жамғармадан 6,0 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 168,8 гектар самарасиз боғлар интенсив боғларга айлантирилди.
Марказ ҳузурида замонавий “Ин витро” лабораторияси ташкил қилиниб, унда мевали, манзарали дарахтлар, лимон, гуллар ва доривор ўсимликлар кўчатлари лаборатория шароитида етиштирилмоқда. Ҳозирда ушбу лаборатория йилига 150 мингдан ортиқ кўчат етиштириш қувватига эга. Марказда 320 хил мевали, 160 хил манзарали, 120 хил атиргул ва 70 хил турдаги доривор ўсимликлар мавжуд бўлиб, сўнгги йилларда 3,6 миллион донадан ортиқ кўчатлар аҳоли ва фермерларга етказиб берилди.
Хитой ва Корея давлатлари тажрибаси асосида марказда замонавий иссиқхоналар, “қишки боғ”, 500 тонналик совутиш омборхонаси ва Қувасой шаҳрида 15 гектарлик томчилаб суғориш тизимига асосланган интенсив боғ ташкил этилди.
Яқинда Германиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етакчи олимлари ва мутахассисларидан иборат делегация марказга ташриф буюрди. Ташриф доирасида “Ин витро” лабораторияси, қишки боғ, интенсив кўчат етиштириш тизимлари билан танишув ташкил этилди.
Ташриф давомида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Икки томон доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.
Шу куни Германиялик меҳмонлар Фарғона шаҳридаги “Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникум”да ҳам бўлиб, ўқув-лаборатория шароитлари, таълим жараёнлари билан танишишди ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан келишиб олишди.
Марказ Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали, Фарғона давлат университети, Россиянинг “Шимолий Кавказ Федерал боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий маркази” ҳамда Германиянинг қишлоқ хўжалиги илмий муассасалари билан илмий ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйган.
Шу асосда, серҳосил, бозорбор кўчатларни етиштириш, томорқа ер эгаларини ўқитиш ва қайта тайёрлаш, соҳадаги инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
2019–2024 йиллар давомида марказдаги амалий ўқув курсларида 27 219 нафар тингловчи (деҳқончилик, чорвачилик, асаларичилик, уруғчилик, гулчилик каби йўналишларда) муваффақиятли таълим олди.
Марказ қисқа вақтда 15,4 миллиард сўм даромад ва 3,4 миллиард сўм соф фойда кўрди. Бу кўрсаткичлар марказнинг иқтисодий барқарорлиги ва бозор эҳтиёжларига мос маҳсулот етиштиришдаги самарадорлигини кўрсатади.
Фаолият доирасида марказ “Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникум” билан ҳамкорликда фермер хўжаликлари раҳбар ходимлари ва ёш агромутахассислар учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил қилмоқда. Техникум моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда хорижий мутахассислар иштирокида таълимни ташкил этиш мақсадида 5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Қисқа қилиб айтганда, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва илм-фан билан ишлаб чиқаришни уйғунлаштиришда Қува туманидаги “Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази” миллий ҳамда халқаро даражада етук тажриба майдонига айланди. Ушбу марказ фаолияти Германия, Россия, Хитой ва бошқа давлатлар билан амалий ҳамкорлик асосида йўлга қўйилган бўлиб, қишлоқ хўжалигидаги илғор ечимлар самарасини намоён этмоқда.
Шу боис ҳам қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда замонавий ечимлар, инновация ва халқаро тажрибанинг муваффақиятли уйғунлиги – Қува тажрибасининг ўзига хос жиҳатларидандир.
Хурсаной Исламова,
Инновaциялар, тежамкор технологияларни
ривожлантириш ва илм-фан, фермер хўжалиги
раҳбарларининг малакасини ошириш бўлими бошлиғи