Маълумки, 2024 йил 1 декабрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари, 2025 йил 1 мартдан эса экспортёрлар жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олганда харид қилиш далолатномаларини электрон шаклда расмийлаштириш имконига эга бўлди.
Бу янгилик бозор талабларини аниқроқ баҳолаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг реализация ҳажмини тизимли таҳлил қилиш ҳамда ҳисоботларда аниқликни таъминлаш имконини яратди.
Энг муҳими — харид қилиш далолатномасини шакллантиришда сотувчи жисмоний шахснинг ЖШШИР рақамини кўрсатиш талаб этилмайди. Бу тадбиркорлар учун жараённи анча соддалаштиради ва ортиқча қоғозбозликни камайтиради.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, 425 та умумий овқатланиш корхонаси жисмоний шахслардан 190 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотини 199 млрд. сўмга сотиб олган.
Шунингдек, 389 та экспортёр ташкилотлар 108 турдаги маҳсулотни 5,8 трлн. сўмдан ортиқ миқдорда харид қилган.
Умумий овқатланиш корхоналари томонидан мол гўшти — 626 тонна (69,8 млрд. сўм), қўй гўшти — 185 тонна (24,3 млрд. сўм), гуруч — 471 тонна (10,4 млрд. сўм), помидор — 670 тонна (9,2 млрд. сўм) харид қилган.
Экспортёрлар томонидан узум — 71 минг тонна (902,9 млрд. сўм), шафтоли — 53,7 минг тонна (665,9 млрд. сўм), гилос — 23,1 минг тонна (587,7 млрд. сўм), қуритилган мевалар — 31 минг тонна (566,3 млрд. сўм) харид қилинган.
Электрон харид қилиш далолатномаларининг жорий этилиши ҳужжат айланмасини соддалаштирди, операцияларнинг ошкоралигини таъминлади. Бу механизм тадбиркорлик субъектларининг даромадларини легаллаштириш, очиқ ва рақобатбардош бозорни шакллантириш ҳамда аграр соҳада рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА