Бугунги кунда иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг камайиб бориши ва қурғоқчилик ҳолатларининг тез-тез кузатилиши Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон учун долзарб муаммолардан бирига айланмоқда.
Айниқса, қишлоқ хўжалигига таянган шароитда қурғоқчиликнинг салбий таъсири озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли турмуш даражаси ҳамда ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий хавф туғдирмоқда.
Шу боис қурғоқчиликни ўз вақтида аниқлаш, баҳолаш ва бошқаришда илғор ва инновацион ёндашувларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда “Ўзбеккосмос” агентлиги БМТ ҳузуридаги Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСCАП) билан ҳамкорликда “Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги қурғоқчилиги кўрсаткичларини шакллантириш учун самарали мониторингни юритиш” лойиҳасига старт берган эди.
[gallery-26760]
Бу лойиҳа масофавий зондлаш технологиялари, илғор геоахборот тизими ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш орқали Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ва ер ресурсларини бошқаришнинг барқарор усулларига кўмаклашиб, маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишни яхшилашга имкон яратади.
Ушбу лойиҳада кўзда тутилган вазифалар бажарилиши юзасидан Рақамли технологиялар вазирлигида халқаро тренинг ташкил этилди.
Тренингда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан соҳа мутахассислари, маҳаллий, минтақавий ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Қайд этилганидек, Марказий Осиёда, шу жумладан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда қишлоқ хўжалиги иқтисодий барқарорлик ва озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим таркибий қисми. Ушбу мамлакатлар асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигига таянади. Аммо иқлим ўзгариши ва сув танқислиги туфайли сўнгги вақтларда кузатилаётган қурғоқчиликлар қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигига бевосита боғлиқ бўлган қишлоқ жойларида ҳосилнинг жиддий йўқотилишига, озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши ва ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларга олиб келди.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида асосли қарорлар қабул қилиш ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун қурғоқчиликни ўз вақтида ҳамда самарали мониторинг қилиш ва бошқариш тизимларини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.
Шунингдек, лойиҳа доирасида ЭСКАТО минтақавий қурғоқчилик механизми ва унинг минтақавий хизмат кўрсатувчи агентлари, яъни Хитой, Ҳиндистон ва Россия Федерацияси, шунингдек, миллий ҳамкорлар орқали мавжуд бўлган минтақавий тажрибадан фойдаланиб, қурғоқчилик бўйича тезкор мониторинг тизими ва экинларни булутли асосда мониторинг қилиш тизими ишлаб чиқилади.
Тренинг якунларига кўра, қурғоқчилик ва қишлоқ хўжалиги мониторинги тизимларини мустаҳкамлаш учун ерни кузатиш ва геофазовий технологияларни қўллаш юзасидан амалий қадамларни ўз ичига олган мамлакатлар бўйича йўл хариталари такомиллаштирилади ва миллий шароитларга мослаштирилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2IoYkva_IEE" title="Qishloq xo‘jaligida qurg‘oqchilikka qarshi kosmik texnologiyalar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА