Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалигида қайта ишлаш ва қўшилган қиймат сари қадам
20:23 / 2026-01-30

Мамлакатимизда ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ҳамда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада қабул қилинаётган қарор ва дастурлар ҳар бир ҳудуднинг мавжуд салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда унинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилмоқда.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори вилоят учун янги имкониятлар эшигини очди. Ушбу қарор Сирдарё вилояти иқтисодиётини мустаҳкамлаш, қишлоқ жойларда иш ўринларини кўпайтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қарорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу йўналишда манзилли дастурлар тасдиқланиб, уларни амалга ошириш учун Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 30 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди. 2025 йил давомида мазкур маблағнинг 14,7 миллиард сўми ўзлаштирилиб, аниқ лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилди.

Сирдарё вилояти суғориладиган ер майдонлари ҳамда бой деҳқончилик анъаналарига эга ҳудуд сифатида мева-сабзавот, полиз ва дон маҳсулотлари етиштиришда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Маҳсулот ҳажмининг йил сайин ортиб бориши уларни самарали сақлаш, қайта ишлаш ва бозор талабларига мос ҳолда қадоқлаш масаласини долзарб қилиб қўймоқда.

Айни қарор мазкур муаммоларни ҳал этиш, хомашё кўринишидаги маҳсулотлар улушини камайтириш ҳамда қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Вилоятда замонавий агрологистика марказлари, совуткичли омборлар, қайта ишлаш ва қадоқлаш линиялари ташкил этилмоқда. Айниқса, мева-сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш қувватларини ошириш бўйича янги лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида вилоятда юзлаб янги иш ўринлари яратилди. Бу маҳаллий аҳоли учун барқарор даромад манбаи яратиб, ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ортиб, экспорт имкониятлари ҳам кенгаймоқда.

Соҳада рақамли технологиялар ва замонавий агротехнологияларни жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада, 2026 йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги соҳасида 7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу кўрсаткич вилоят иқтисодиётида қишлоқ хўжалигининг нақадар муҳим ўрин тутишини яққол намоён этади.

Мутахассислар таъкидлашича, қайта ишлаш қувватларининг кенгайиши юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилса, сақлаш ва логистика инфратузилмасининг ривожланиши маҳсулот йўқотилишини камайтиришга замин яратади. Энг муҳими, ушбу жараёнлар бозорда рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар таклифини оширишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Президент қарори Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги ва саноатни уйғун ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида муҳим қадам бўлди. Ушбу ташаббуслар ўз самарасини бериб, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти янада юксалишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Илҳом Олимов,

Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш 

жамғармаси Сирдарё вилоятининг ҳудудий вакили